Камолиддин Тожиев: «Иккинчи бўлимда нима бўлганини билмадим»
Турнинг марказий тўқнашувида «Пахтакор» чемпионлик курашида «Нефтчи»га аламли тарзда имкониятни бой бериб қўйди.
Ушбу беллашувдан кейин «Пахтакор» устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйинни яхши бошладик. Биринчи бўлимни тўлиқ ташаббусимиз остида ўтказдик. 3 та 100 фоизли вазиятимиздан гол ура олмадик. Иккинчи бўлимда нима бўлди, билмайман. Умуман бошқа жамоа чиқди. «Нефтчи» ўз имкониятларидан фойдаланди. Биринчи бўлимнинг ўзида биз 3 та гол урсак бўларди. Лекин футбол шунақа нарса. Иккинчи бўлимда нима бўлганини билмадим.
- Биринчи бўлимда «Пахтакор» фойдасига белгиланган пенальти ва ўйин охирларида жамоангиз зарарига белгиланган пенальти ҳақида нима дея оласиз?
- Биз гол урган пенальтини қарамадим. Охирги пенальтини билмадим. Уни қанақа таҳлил қилишади, билмайман. Кўриб чиқдим, у қадар итаргани ёки тортгани ҳам йўқ.
- «Пахтакор» ОЧЛда бошқача мотивация билан ўйнаяпти. Бугун эса биринчи бўлимда 5 та имконият бўлди. Мотивация масаласида оқсоқлик бўляптими?
- Мотивация билан чиқишган. Иккинчи таймда нима бўлди, билмадим. Буни гаплашамиз, таҳлил қиламиз. Иккинчи таймда умуман бошқа жамоа чиққандек бўлди. Ютдик деб ўйлашди, йигитлар. Ўйинни таҳлил қиламиз.
- Заид Таҳсиннинг ҳолати қандай?
- Билмадим, тез тиббий ёрдам машинасида кетди. Шифокор нима бўлганини ҳали айтмади.
- Иккинчи бўлимда нима бўлганини билмадим деяпсиз. Балки танаффус пайтида футболчилар билан кўпроқ гаплашишингиз керакмиди?! «Пахтакор» устози сифатида иккинчи таймда нима бўлганини тушунмадим, дейиш ғалати эмасми?
- Кўриб чиқамиз. Футболчилар билан ҳар бир эпизодни гаплашамиз. Эртага гаплашамиз. Нима бўлганини, нега бундай бўлганини билиш керак. Балки биринчи таймда 5 та имконият яратгач, иккинчи бўлимда ҳам яна вазиятлар яратамиз деб бўшашишгандир. Эртага ҳаммамиз бирга таҳлил қиламиз.
- 5 та тур қолди. Чемпионлик масаласи ҳақида нима дея оласиз?
- 5 та тур бор. Ким кимни ютишини ҳеч ким 100 фоиз билмайди. Охиригача курашамиз. Ҳали имконият йўқолгани йўқ. Ҳа, бироз пасайган бўлиши мумкин. Лекин имконият йўқолгани йўқ. Чемпион бўлишга курашамиз», - дея Камолиддин Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.