“Вест Хем”нинг ёш футболчиси бир ўйинда майдон марказидан иккита гол урди
Англиянинг “Вест Хем” клуби 21 ёшгача бўлган футболчилардан иборат жамоаси ярим ҳимоячиси Престон Фирон “Бёрнли”га қарши учрашувда ғайриоддий натижа қайд этди. 19 ёшли футболчи бир ўйиннинг ўзида майдон марказидан иккита гол уриб, футбол мухлисларининг эътиборини тортди. Бу ҳақда “Вест Хем” клуби расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, 23-октабр куни Англия Премьер-лига 2 мусобақаси доирасида ўтказилган учрашувда Фирон 35-дақиқада дастлабки голини киритган. У рақиб дарвозабонининг ўз чизиғидан анча узоққа чиққанини пайқаб, майдон марказидан зарба йўллаган. Тўп дарвозага бориб тушган ва футболчи жамоасининг устунлигини оширган.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Фирон яна бир бор шунга ўхшаш вазиятдан фойдаланиб, иккинчи голини киритган. Футболчи ўйиндан кейин кучли шамол ҳам узоқ масофадан йўлланган зарбаларига ёрдам берганини таъкидлаган. Ёш ярим ҳимоячининг иккала голи акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, мухлислар томонидан юқори баҳоланди.
Маълумот учун, “Вест Хем”нинг ёшлар жамоаси “Бёрнли”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Престон Фирон аввал “Челси” академиясида шуғулланган, кейинчалик эса “Вест Хем” ёшлар тизимига қўшилган. У 2025-йилда “Манчестер Юнайтед”га қарши мавсумолди учрашувида асосий жамоа сафида ҳам майдонга тушган.