“Бавария” раҳбари Гарри Кейн “Олтин тўп”ни қўлга киритиши кераклигини айтди
Мюнхеннинг “Бавария” клуби фахрий президенти Ули Хёнесс жамоа ҳужумчиси Гарри Кейн 2026 йилги “Олтин тўп” мукофотига энг муносиб номзод эканини билдирди. Германиялик футбол мутасаддиси инглиз ҳужумчисининг ўтган мавсумдаги натижалари ушбу нуфузли совринни қўлга киритиш учун етарли деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Welt am Sonntag нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Хёнесс Кейннинг ўтган мавсумда икки совринни қўлга киритгани, кўплаб голлар ургани ва Англия терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатида ярим финалга қадар етиб борганини алоҳида таъкидлаган. Унинг фикрича, ҳужумчи нафақат индивидуал кўрсаткичлари, балки жамоавий натижалари билан ҳам бошқа номзодлардан ажралиб туради.
“Бавария”нинг собиқ президенти Карл-Хайнц Румменигге ҳам Кейннинг мукофотни қўлга киритиш имкониятларига юқори баҳо берди. У инглиз футболчисининг камтарлиги, жамоавий ўйинга қўшаётган ҳиссаси ва майдондаги етакчилик фазилатларини эътироф этди. Мюнхен клуби раҳбарияти 33 ёшли ҳужумчи билан шартномани узайтириш борасидаги музокараларни ҳам давом эттирмоқда.
Маълумот учун, Гарри Кейн ўтган мавсум клуб ва терма жамоа сафида жами 73 та гол урган. “Олтин тўп” тақдирлаш маросими 26 октябрь куни Англия пойтахти Лондонда бўлиб ўтади. Кейн фаолияти давомида ушбу нуфузли индивидуал мукофотни ҳали қўлга киритмаган.