locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ислом Исмоилов: «Ҳали чемпионлик ҳал бўлгани йўқ»

«Нефтчи» устози «Пахтакор» билан ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Футбол
Ислом Исмоилов: «Ҳали чемпионлик ҳал бўлгани йўқ»
photo: Neftchi FK
Ўзбекистон Суперлигаси
23.10.2026, Як.
Пахтакор
1
Нефтчи
3

25-турнинг марказий ўйинида «Пахтакор» клуби ўз уйида «Нефтчи»га 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Натижада очколар фарқи 5 тага етди.

Учрашувдан сўнг ғолиб жамоа устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида қатнашиб, саволларга жавоб қайтарди.

- Ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклайман. «Пахтакор» майдонида ғалаба қозониш жуда-жуда ёқимли ҳолат. Бунинг учун жуда кўп меҳнат қилдик. Майдонда ҳақиқий «Нефтчи»ни кўрдик, футболчилар характер кўрсатишди. Ўйлайманки, ишончли ва муносиб ғалабани қўлга киритдик. Фарғонадан келиб стадионда бизни қўллаган ва жамоамизга бефарқ бўлмаган барча инсонларни ҳам табриклайман.

- Биринчи таймда «Нефтчи»нинг ҳаракатлари ўхшамади. Бунга нима сабаб ва танаффусда сиз нимани ўзгартирдингиз? Чунки иккинчи бўлимда жамоа бошқача кайфиятда бошқача ўйнади.

- Биринчи таймда кўпроқ эҳтиёткорроқ футболни кўрсатишга ҳаракат қилгандик. Сабаби, бундай учрашувларда барибир натижа биринчи ўринга чиқади. Биринчи даврада чиройли, ҳужумкор ўйинлар ўйнадик. Афсуски, бу футболда қадрланмайдиган нарса. Лобановский анча йиллар олдин айтиб кетган: ўйин унутилади, натижа тарихда қолади. Шу боис барибир ҳужумкор ўйнаб ғалаба қозона олмайсиз. Кўпчилик томонидан танқидлар, эътирозлар билдирилди. Жамоа ҳимояда кўп гол ўтказяпти, ҳимояни тўғрилаш керак, деган ҳар хил танқидлар бўлди. Барибир бу нарсалар хоҳлаймизми-йўқми, таъсир қилади.

Бу ўйинда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ эди. Ҳеч бўлмаганда «Пахтакор»ни ўтказиб юбормаслик учун бир очко ишлашимиз керак эди. Бу руҳият билан ҳам боғлиқ. Ўйиндан олдин ўйинчиларга ҳимоявий эмас, ҳужумкор схема – 3-4-3 ни эслаб қолинглар дедик. Шунга қарамасдан ўйин бошида рақибда ҳам, бизда ҳам имкониятлар бўлди. Пенальтидан сўнг ўйин ўзгариб кетди. Шундан кейин 4-3-3 схемасига ўтдик. Режамиз бўйича иккинчи таймда қанотларни шундоқ ҳам кучайтириш эди. «Пахтакор» асосан 60-дақиқалардан кейин ўзгартиришлар киритади, кўтарилишни бошлайди. Шунни ҳисобга олган ҳолда Алишер Одилов билан Аброр Исмоиловни иккинчи бўлимда майдонга туширмоқчи эдик ва шундай ҳам бўлдик. Ўзимиз ўрганган схемага қайтдик, ўйлайманки, иккинчи таймда рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмадик.

- Ўз принципингиздан воз кечиб, «Нефтчи» яна Левченко тактикасига қайтиб ўйнадими? Чунки ўзингиз айтганингиздек, барибир ҳужумкор ўйин қадрланмайди дедингиз…

- Бу схемалар аслида футболчиларнинг майдондаги жойлашуви. Жамоа фалсафияси битта ўйин билан ўзгариб қолмайди. Масалан, футболчиларга ҳимоявий ўйнаймиз деганимиз билан биз 9 ойдан бери ҳужумкор футбол кўрсатяпмиз. Деярли бу учрашувга тайёргарлик кўра олганимиз йўқ. Бизда вақт бўлмади. Ўйинлар оралиғи зич. Мен ҳеч қандай принципимдан қайтмайман. Барибир ҳимояни мустаҳкам қилишга эътибор қаратдик. Охирги пайтларда кўп голларни қарши ҳужумларда қўйиб юбораяпмиз. Биринчи даврада нимага бундай бўлмаган? Жамоа жисмоний ҳолатдан юқори нотада эди. Асосан рақибнинг учинчи зонасида тўп йўқотганимиздан кейин қарши прессингда жуда фаол эдик. Рақибнинг қарши ҳужумларга чиқишига йўл бермасдик.

Иккинчи даврага келиб, мавсум якунланаётгани боис ўйинчиларда чарчоқ аломатлари сезилгани учун тўп йўқотилгач, рақибнинг қарши ҳужумга чиқиб кетишига имконият бериб қўяпмиз. Мавсум тугаётгани ҳисобига футболчиларда тезлик пасая бошлайди. Тўлиқ ҳимоявий тактикага ўтиб олмаймиз. Лекин масъулиятли ўйинлар олдидан барибир кўпроқ эҳтиёткор бўлишга мажбурмиз. Аммо ҳали чемпионлик ҳал бўлгани йўқ. Олдинда 5 та тур бор. Чемпионликка ҳали эрта, олдимиздаги барча учрашувларда ютишимиз керак.

- 5 очколик фарқ бор. Мухлислар энди хотиржам бўлишлари мумкинми?

- Ҳеч кимнинг хотиржам бўлишга ҳаққи йўқ. Бизнинг ҳам бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Чемпионат кўрсатяптики, уйда «Хоразм» билан очко йўқотяпмиз. Кутилмаган ҳолатлар кўп бўляпти. Барчаси руҳиятга боғлиқ. Жамоа руҳиятини яхшилай олса, исталган рақибини мағлуб эта олади. Фақат қаердадир озгина ҳиссиётларга берилдик, озгина бўшашдик. Футбол бундай нарсаларни кечирмайди.

«Локомотив»га учралган мағлубият катта сабоқ бўлди. Бу борада ҳам раҳбариятга миннатдорлик билдираманки, улар жуда қийин руҳий вазиятдан жамоани олиб чиқиб кетишди. Қўллаб-қувватлашди, Худо хоҳласа, охиригача шундай давом этади. Айтганимдек, ҳали чемпионлик ҳал бўлгани йўқ.

- ОЧЛ олдидан ҳимоядаги мувозанат хавотирга солмаяптими? Йокичнинг жароҳати қандай ва Марушич ҳам жароҳат туфайли майдонни тарк этди. Улар қачон қўшилишади?

- Мувозанат йўқолишига жуда кўп омиллар сабаб бўлади. Биринчиси, руҳий чарчоқ, иккинчиси, жисмоний чарчоқ. Учинчиси, ўйин интизоми. Чунки мувозанат йўқолганидан сўнг гол ёки рақибда хавфли вазият бўлади. Нима учун охирги учрашувлар биз учун қийин ўтяпти? Эътибор берсангиз, ўтган йили жамоа мавсум якунига қадар учинчи ўринда юрган. Футболда учинчи ўринда туриб ўйнаш билан биринчи ўринда туриб ўйлашнинг фарқи бор. Жадвалда учинчи ўринда туриб ўйнасангиз, сизда йўқотадиган нарса бўлмайди. Фақат олдинга қараб ҳаракат қиласиз. Аммо биринчи ўринда турсангиз, биласизки, сизда йўқотадиган нарсангиз бор. Биргина хато сизни пастга тушириб қўйиши мумкин. Мавсум бошидан буён деярли биринчи ўринда турибмиз. Оддий мисол, «Пахтакор» ўзаро ўйинлар ҳисобига «Навбаҳор» билан баҳсдан олдин биринчи ўринга чиқди. Лекин Наманганда очко йўқотяпти. Барибир руҳиятга таъсир кўрсатади. Чунки жамоа пешқадамга айланганидан кейин уни сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Мавсум тугаётгани ҳисобига биз барибир футболчилардан кўп нарсани талаб қилаверамиз. Бироқ майдонда ижро этадиганлар – улар. Энди шу нарса кузатиляптики, кўпроқ қўрқув биринчи ўринга чиқяпти. Биринчи ўринни йўқотиб қўймаслик хавфи. Бу руҳият билан боғлиқ. Шунинг ҳисобига қарорларимиз нотўғри бўляпти ва ҳимояда қўпол хатоларга йўл қўяяпмиз. Чунки ҳар бир қароримизни ва пасимизни қўрқув билан амалга оширяпмиз. Марказий ҳимоячилардан битта пас билан ҳужумчини топ, деб талаб ҳам қиламиз. Лекин ҳозир 5 метрга хато қиляпмиз. Ҳолбуки, бу ўша футболчи. Фақат руҳият ўзгаряпти.

Зоран Марушичга келсак, бугун кўп ўйинчиларимизда орқа сон мушакларида жароҳатлар кузатилди. Клубда кўп ўйинчилар 30 ёшдан юқори. Шунга қарамасдан интенсив футбол ўйнашга ҳаракат қилишяпти. Ўйин темпи юқори бўлди. Ҳар бир эпизодда ўйинчилар максимал тезлашишга ҳаракат қилишди. Шунинг ҳисобига орқа сон мушакларида тортишиш кузатилади. Уларни тезроқ тиклашимиз керак. Икки кундан кейин «Ал Иттиҳод»га қарши ўйин турибди.

Йокичга келадиган бўлсак, кўп интервьюларда айтганман, «Манчестер Сити»да Родри жароҳат олганидан кейин кўп учрашувларни бой берган. Албатта, Йокич жамоа учун жуда муҳим футболчилардан бири эди. Мавсум бошида исталган мураббий қайсидир футболчи атрофига ўйин қуради. Замонавий футболда асосан таянч ярим ҳимоячиси атрофига ўйин қурилади. Йокичнинг жароҳати ўйинимизга катта таъсир қилди. Бу вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ футбол шунақаки, айрим ўйинчиларнинг йўқлиги жамоага катта таъсир кўрсатади. Шунга қарамасдан иккинчи даврадан буён қолган ўйинчилар ҳам ўзларининг юксак маҳоратларини кўрсатишяпти. Жамоа учун борларини беришяпти», - дея Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг