Анвар Ғафуров: Термиздан узоқ масофани босиб келган мухлисларимизга алоҳида миннатдорлик билдираман
«Машъал» - «Сурхон» баҳсидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Анвар Ғафуров матбуот анжуманида иштирок этди.
— Ўйин ҳақида фикрларингиз?
— Ассалому алайкум. Бугунги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳар икки жамоа ҳам очко қўлга киритиш учун ҳаракат қилди. Учрашув давомида етарлича вазиятлар яратилди, бироқ айрим ҳолатларда футболчиларимизга совуққонлик етишмаяпти, деб ўйлайман.
Йигитларнинг кўрсатган ўйинидан эътирозим йўқ. Улар яхши ҳаракат қилишди ва етарлича вазиятлар яратишди. Ишонаманки, меҳнатларимиз албатта ижобий натижалар билан ўз аксини топади.
Мен футболга бироз бошқача қарайман. Ўйиннинг суръати, динамикаси ва юзага келаётган вазиятлар муҳим. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Айрим вазиятларда совуққонлик етишмаётганини тан олишимиз керак.
Шу билан бирга, рақиб жамоа ҳам яхши мураббийлар штаби ва малакали футболчиларга эга. Улар сўнгги учрашувларда ҳам яхши таассурот қолдиришмоқда. Рақиб жамоага келгуси ўйинларда омад тилайман.
Бизни қўллаб-қувватлаш учун Термиздан узоқ масофани босиб келган мухлисларимизга алоҳида миннатдорлик билдираман. Уларнинг бизга бўлган ишончи ва қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Биз ҳам мухлисларимиз учун майдонда бор кучимизни ишга солиб, ижобий натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.