Шоҳруҳ Абдураҳмонов: «Пахтакор» — принципиал рақиб. Бундай ўйинлар мотивация беради»
Шоҳруҳ Абдураҳмонов: «Пахтакор» — принципиал рақиб. Бундай ўйинлар мотивация беради»
«Навбаҳор» яримҳимоячиси Суперлиганинг 24-туридан ўрин олган марказий баҳс олдидан фикрларини билдирди.
Суперлиганинг 24-туридан ўрин олган «Навбаҳор» — «Пахтакор» баҳси арафасида «лочинлар»нинг 27 ёшли яримҳимоячиси Шоҳруҳ Абдураҳмонов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Навбаҳор» ва «Пахтакор» Суперлиганинг мунтазам иштирокчилари ҳамда совриндор жамоалари ҳисобланади. Шу боис клублар принципиал рақиб ҳамда ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар доимо шиддатли ва кескин курашлар остида кечган. Албатта, бу сафарги баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди ва ўйин курашларга бой тарзда кечади, деган умиддаман. Боиси бундай беллашувлар футболчиларга ўзгача мотивация беради ҳамда майдонда барча имкониятимизни ишга солиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Бундан ташқари, жамоалар турнир жадвалида қўшни бўлгани, пойтахтликлар чемпионлик, «Навбаҳор» эса совриндорлар сафидан ўрин олиш учун кураш олиб бораётгани боис бўлажак учрашувнинг томошабоп кечиши эҳтимоли юқори.
Биз ҳам ушбу ўйинда майдонга бошқача руҳ ҳамда иштиёқда тушиб, ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан», — дея Абдураҳмоновнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.