«Навбаҳор» Ҳамралиевни қўллаб-қувватлади: «Сен 227 нафар эмас, 22 751 мухлисни хурсанд қилдинг»
«Навбаҳор» Ҳамралиевни қўллаб-қувватлади: «Сен 227 нафар эмас, 22 751 мухлисни хурсанд қилдинг»
Наманган клуби «Пахтакор»нинг расмий саҳифасидаги кинояли постга муносабат билдирди ва ПФЛдан вазиятга эътибор қаратишни сўради.
«Навбаҳор» клуби «Пахтакор»нинг Instagram'даги расмий саҳифасида Муҳаммадқодир Ҳамралиевга нисбатан билдирилган кинояли муносабат юзасидан баёнот берди.
Гап «Пахтакор»нинг расмий саҳифасида «Сен бир гол урмагин экан» мазмунидаги кинояли сўзлар билан «Навбаҳор» футболчисининг собиқ жамоаси дарвозасига урган голини нишонлаганига муносабат билдирилгани ҳақида бормоқда.
«Навбаҳор» кўп йиллик тарих ва ўзига хос обрўга эга клубнинг расмий саҳифасида бошқа жамоа футболчисининг шаъни ва қадр-қимматига тегиши мумкин бўлган бундай пост эълон қилинишини танқид қилди. Клуб профессионал футболчи амалдаги жамоаси учун ўйнаши ва ғалабага ҳисса қўшиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, баёнотда FIFA, ОФК ёки ПФЛ регламентларида футболчининг собиқ жамоаси дарвозасига гол урганидан кейин уни нишонлашини тақиқловчи қоида мавжуд эмаслиги қайд этилди. «Навбаҳор» аввал ҳам собиқ футболчилари жамоа дарвозасини ишғол қилиб, голни нишонлаган ҳолатларга дуч келганини, бироқ бундай вазиятларда футболчиларни омма олдида қораламаганини билдирди.
«Навбаҳор» ПФК амалдаги ҳар бир футболчиси, мураббийи ва ходимини қадрлаши, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишини таъкидлади. Клуб ПФЛдан ушбу вазиятни эътиборсиз қолдирмасликни сўради. Баёнотда расмий саҳифада эълон қилинган ҳар қандай пост клуб позициясини ифодалаши ҳам алоҳида қайд этилди.
Баёнот якунида «Навбаҳор» Муҳаммадқодир Ҳамралиевга мурожаат қилиб, уни қўллаб-қувватлади:
«Муҳаммадқодир, сен кеча урган голинг ва уни нишонлашинг билан ранжитган мухлисларингдан юз баробар кўпроқ ишқибозни хурсанд этдинг. Зеро, стадионда 227 нафар эмас, 22 751 нафар томошабин бор эди. Сенга уларни ҳар бир ўйинда шундай хурсанд қилиш насиб этсин. Отангга балли, топганинг ҳалол бўлсин!»
Эслатиб ўтамиз, «Навбаҳор» - «Пахтакор» баҳсида 1:1 ҳисоби қайд этилган эди. Суперлига турнир жадвалида наманганликлар 46 очко билан 3-ўринда, тошкентликлар эса 53 очко билан 2-ўринда бораётган бўлса, пешқадам «Нефтчи» ҳисобида 55 очко мавжуд.
