locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Иван Бошкович: «Ёш футболчиларга имконият беришдан қўрқмайман»

«Бунёдкор» бош мураббийи собиқ жамоасига қарши ўйиндан сўнг саволларга жавоб берди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Иван Бошкович: «Ёш футболчиларга имконият беришдан қўрқмайман»
photo: Bunyodkor FK
Ўзбекистон Суперлигаси
16.10.2026, Як.
Бунёдкор
1
Сўғдиёна
1

Иван Бошкович: «Ёш футболчиларга имконият беришдан қўрқмайман»

«Бунёдкор» бош мураббийи собиқ жамоасига қарши ўйиндан сўнг саволларга жавоб берди.

Суперлигада 24-тур баҳслари давом эттирилди. Зоминда номинал мезбон сифатида «Бунёдкор» уй эгаси — «Сўғдиёна»ни қабул қилди. Иван Бошковичнинг собиқ клубига қарши ўйини ўзига яраша қизиқарли эди ва унда кучлар тенг келди — 1:1.

Беллашувдан кейин «Бунёдкор» бош мураббийи матбуот анжуманида фикрларини билдириб ўтди.

- Яхши рақибга қарши қийин ўйин ўтказдик. Бугунги баҳс биз учун осон кечмади. Учрашув давомида бир қатор қийинчиликларга дуч келдик. Жамоамиз ҳали шаклланиш жараёнида, футболчилар бир-бирини тушунишни ўрганишмоқда.
Бугун биринчи бўлимда ҳимояда ҳам ҳаракат қилишимизга тўғри келди. Айрим вазиятларда концентрация етишмади ва гол ўтказиб юбордик. Бироқ иккинчи бўлимда биринчи таймдаги камчиликларни тўғрилашга ҳаракат қилдик. Айниқса, оддий узатмаларда хатолар кўп бўлди. Рақиб босимидан осонликча чиқиб кетишимиз мумкин бўлган вазиятларда ҳам содда пасларни аниқ амалга ошира олмадик. Бу устунликлардан фойдалана билмадик.

Менимча, иккинчи бўлимда жамоа анча тартибли ҳаракат қилди. Футболчилар режа асосида, интизом билан ўйнашди. Жуда ёрқин вазиятлар кўп бўлмаган бўлса-да, ўйин суръатини назорат қилган томон биз бўлдик. Стандарт вазиятлар орқали ҳам имкониятлар яратишга ҳаракат қилдик.

Шунга қарамай, натижадан кўпроқ нарса кутгандим. Футболчилар анча чарчаган эди, аммо буни баҳона қилмоқчи эмасман. Тайёргарликни янада кучайтиришимиз керак. Олинган бир очко психологик жиҳатдан муҳим, деб ўйлайман.

Жамоада салоҳият бор, футболчилар ҳаракат қилишяпти ва яхшироқ ўйнай олишларига ишонишади. Мен ҳам улардан кўпроқ нарса кутгандим. Бугун шунчаки ўйинимиз кўнгилдагидек чиқмади. Энди ишлашда давом этамиз. Жамоамизда вазифаларни бажариш учун маҳорат ҳам, сифат ҳам етарли. Ўйин давомидаги айрим алмаштиришлар эса футболчининг жароҳати билан боғлиқ бўлди.

— Асосий ҳимоячилардан Сардор Раҳмонoв кейинги ўйинда майдонга туша олмайди. Бугун эса марказий ҳимояда мажбурий ўзгариш қилишга тўғри келди. Ҳакимов ва Букриннинг ёшини қўшсак, 33 бўлади. Улар рақиб ҳужумчиларини зарарсизлантиришди. Энди келгусида ҳимоя чизиғидаги рақобат қандай кечади? Раҳмонoв қайтгач, асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олиши керак бўлади. Бу борада фикрингиз қандай?

- Бу икки футболчи ўз сўзини айтди. Энг муҳими, улар маҳоратини майдонда намоён эта олишди. Шу билан бирга, ўйин тезлигига ҳам мослашишди. Мен ёш футболчиларга имконият беришдан қўрқмайман. Бугун захирадан майдонга тушган футболчилар ҳам жамоага ёрдам беришди. Ҳимоячиларимиз ҳақида ҳам алоҳида айтишим керак. Уларга яхши ўйинчи бўлиб етишиш учун уч йил кутиш шарт эмаслигини айтдим. Уларда катта салоҳият бор. Фақат психологик жиҳатдан ҳам тайёр бўлишлари керак.

Яккакурашларда улар бизга жуда катта ёрдам беришди. Бугунги ўйин нафақат улар, балки бошқа футболчилар ҳам ўз вазифасини уддалай олишини кўрсатди. Бу жамоамизда имкониятлар борлигини англатади. Фақат майдонга тушаётганлар эмас, захирада қолган футболчилар ҳам жамоанинг бир қисми ҳисобланади.

Мен жамоамизга ўзим сингдирмоқчи бўлган футбол услубини шакллантириш учун етарли маҳорат ва сифат бор, деб ҳисоблайман. Ишлашда давом этсак, ўйинимиз янада яхшиланади.

— Матия Кривокапич ҳақида сўрамоқчиман. У майдонга тушди, аммо ҳаракатланиши бироз қийин кечаётгандек, яккакурашларда ҳам аввалгидек устунлик қила олмаётгандек кўринди. Шунга қарамай, ўз голини урди. Биринчи бўлимдаги голи эса офсайд сабабли ҳисобга олинмади. Иккинчи бўлимда тўпни дарвоза тўсинига теккизди. Унинг аввалги, мавсумнинг биринчи ярмидаги формасига қачон қайтишини кутяпсиз?

- Айнан шундай. Унинг ўзи ҳам, Музаффар ва Раҳмонжонов ҳам ишлашда давом этмоқда. Раҳмонжонов ҳам кўплаб йиғинларни ўтказиб юборган, шу сабабли унга ҳам тайёргарлик жараёни зарур.

Энг муҳими, футболчиларимиз ўз формасини тиклаб боришяпти. Жамоада соғлом рақобат бўлиши керак. Улар бугунгидан ҳам яхшироқ ўйнай олишади. Бунинг учун машғулотларда мунтазам ишлаб, жисмоний ва спорт формаларини тиклашлари лозим.

— Футболда «собиқ жамоасига ниманидир исботлаш» деган тушунча бор. Бугун стадионга келганимда «Сўғдиёна» мухлислари билан суҳбатлашдим. Улар сизни яхши эслашар экан ва собиқ жамоангизга ниманидир исботлаш истаги бор-йўқлиги ҳақида гапиришди. Бугунги ўйин ҳам жуда қийин кечди...

— Бугун мен бундай ҳиссиётларни четга суришга ва энг тўғри қарорларни қабул қилишга ҳаракат қилдим. Бизга алоҳида босим бўлмади. Лекин бугунги ўйин яна бир бор шуни кўрсатдики, ҳар қандай рақибга қарши жиддий тайёргарлик кўриш керак. Ортиқча ҳиссиётларга берилмаслик лозим, чунки шунда ишлаш анча осон бўлади, — дея Бошковичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг