Ҳоланд “Барселона” ёки “Реал Мадрид”га ўтиш учун муҳим шарт қўйди
“Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд келажакда фаолиятини Испания чемпионатида давом эттириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Норвегиялик футболчи “Реал Мадрид” ёки “Барселона”га ўтишга қарши эмас, бироқ янги клубига муҳим шарт қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда El Nacional нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Ҳоланд Испания грандларидан бирига трансфер қилинган тақдирда, янги шартномасига товон пули эвазига клубни тарк этиш имконини берувчи махсус банд киритилишини истамоқда. Ҳужумчи келажакдаги фаолиятини мустақил бошқариш ва зарурат туғилганда бошқа жамоага ўтиш имкониятини сақлаб қолишни мақсад қилган. Ушбу банддаги товон пули юқори, аммо бошқа клублар тўлай оладиган даражада бўлиши керак.
Футболчининг агенти Рафаэла Пимента ҳам мазкур ёндашувни қўллаб-қувватламоқда. Унинг фикрича, узоқ муддатли шартнома футболчининг келажакдаги қарорларини чекламаслиги лозим. Шу сабабли эҳтимолий трансфер музокараларида нафақат маош ва трансфер суммаси, балки товон пули миқдори ҳамда уни фаоллаштириш шартлари ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Ҳозирча томонлар ўртасида келишувга эришилгани ҳақида расмий маълумот йўқ.
Маълумот учун, 26 ёшли Эрлинг Ҳоланд 2022 йилдан буён “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг инглиз клуби билан амалдаги шартномаси 2034 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt портали норвегиялик ҳужумчининг бозор қийматини 220 миллион евро деб баҳоламоқда.