“Бавария” Винсент Компани соғлиғи ҳақида янги маълумот берди
Мюнхеннинг “Бавария” клуби 23-октябр куни машғулот вақтида ҳушидан кетган бош мураббий Винсент Компани соғлиғи юзасидан янги маълумот берди. Клуб спорт директори Макс Эберл белгиялик мутахассиснинг аҳволи барқарор эканини, бироқ у яна бир неча кун шифохонада қолишини маълум қилди. Бу ҳақда Германиянинг Sport Bild нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Эберл 24-октябр куни “Фрайбург”га қарши Бундеслига учрашувидан олдин ўтказилган матбуот анжуманида Компани ҳолатига изоҳ берган. Унинг таъкидлашича, мураббийнинг аҳволи ҳозирда барқарор бўлиб, шифокорлар ҳушидан кетиш сабабларини аниқлаш мақсадида тиббий текширувларни давом эттирмоқда. Мутахассиснинг айнан қандай касалликка дуч келгани ҳозирча маълум эмас.
“Бавария” раҳбарияти Компани соғлиғи клуб учун энг муҳим масала эканини таъкидламоқда. Белгиялик мураббий жамоа ихтиёрига фақат тўлиқ соғайганидан кейин қайтади. Унинг йўқлигида асосий жамоа машғулотлари ва учрашувларга тайёргарлик жараёнини ёрдамчи мураббий Аарон Денкс бошқаради. Мутахассис Компани билан суҳбатлашганини ва унга футбол масалаларидан кўра соғлиғига эътибор қаратиш зарурлигини айтган.
Маълумот учун, 40 ёшли Винсент Компани 23-октябр куни “Бавария”нинг захира жамоаси машғулотини кузатаётган вақтда ҳушидан кетган эди. Мюнхенликларнинг навбатдаги учрашуви 25-октябр куни “Фрайбург”га қарши бўлиб ўтади. Компани мазкур баҳсда мураббийлик вазифасини бажара олмайди.