Расман: Осиё кубоги ўтказиладиган йиллар ўзгартирилди
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Осиё кубогини ўтказиш тақвимига муҳим ўзгартириш киритди. Янги қарорга кўра, мусобақа 2032 йилдан бошлаб тоқ йилларда эмас, балки жуфт йилларда ташкил этилади. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, мазкур қарор 23 октябрь куни Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган ОФК навбатдан ташқари конгрессида бир овоздан маъқулланган. Ўзгариш ФИФА томонидан халқаро футбол тақвимига киритилиши кутилаётган янгиликлар билан боғлиқ. Янги тизим қитъа чемпионати ва конфедерация раҳбарияти сайловлари муддатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган.
Шу тариқа, Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган 2027 йилги Осиё кубоги тоқ йилда ташкил этиладиган сўнгги мусобақага айланади. Кейинги қитъа чемпионати эса 2032 йилда ўтказилади. Бу Осиё кубоги тарихида 2004 йилдан буён илк бор мусобақанинг жуфт йилларга қайтишини англатади. 2032 йилги турнирга мезбонлик қиладиган мамлакат ҳозирча аниқланмаган.
Маълумот учун, Осиё кубоги-2027 мусобақаси 7 январдан 5 февралга қадар Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган. Янги қарор ушбу мусобақанинг белгиланган саналарини ўзгартирмайди. Шунингдек, ОФК раҳбарияти сайловлари 2027 йилда ўтказилиб, сайланган мутасаддилар 2028 йил 1 январдан ўз вазифаларига киришади.