Суперлига. «Динамо» устун келди: «Сўғдиёна» Зоминда 10 киши бўлиб қолди
Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тури доирасида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ўз майдонида Самарқанднинг “Динамо” клубини қабул қилиб, имкониятни бой берди.
Учрашув мезбонлар учун жуда омадли бошланди. Дастлабки дақиқалардаёқ Люпчо Дориевнинг қанотдан узатган тўпини Жаҳонгир Қаҳрамонов рақиб дарвозасига жойлаб, ҳисобни очди — 1:0.
Бироқ учрашувнинг 29-дақиқасида юзага келган вазият ўйиннинг бурилиш нуқтасига айланди. Самарқандликларнинг тезкор қарши ҳужуми пайтида бирга-бир вазиятга чиқиб бораётган Анваржон Ҳожимирзаевни тўхтатиб қолгани учун “Сўғдиёна” ҳимоячиси Нодиржон Сойибов тўғридан тўғри қизил карточка олиб, майдондан четлатилди. Бир киши кам бўлиб қолган мезбонлар ҳимоядаги тартибсизлик эвазига орадан кўп ўтмай гол ўтказиб юборишди: 32-дақиқада Артём Радаевнинг узатмасидан сўнг Амаду Думбуя ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
Иккинчи бўлимда учрашувнинг энг кескин ва баҳсли вазияти юзага келди. 67-дақиқада Жаҳонгир Абдусаломов мезбонлар жарима майдончаси ичида йиқилди ва бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов дастлаб футболчига симуляция учун сариқ карточка кўрсатди. Бироқ VAR ҳаками Фирдавс Норсафаровнинг аралашувидан сўнг монитор олдига борган бош ҳакам ўз қарорини ўзгартирди — сариқ карточка бекор қилиниб, “Сўғдиёна” дарвозасига пенальти белгиланди. 73-дақиқада 11 метрлик нуқтага яқинлашган Анваржон Ҳожимирзаев имкониятдан унумли фойдаланиб, “Динамо”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Учрашувга якуний нуқтани эса 79-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган Расул Йўлдошев қўйди. Ҳарис Ҳайдаревичнинг узатмасидан сўнг Йўлдошев узоқ масофадан дарвоза бурчагини аниқ нишонга олиб, меҳмонларнинг иродали ғалабасини таъминлади — 1:3.
Мазкур ғалабадан кейин “Динамо” ҳисобидаги очколар сони 37 тага етди ва жамоа турнир жадвалида 8-поғонага кўтарилиб олди. Мағлуб бўлган “Сўғдиёна” эса 30 очко билан 11-поғонани банд этган.
Ўзбекистон Суперлигаси. 27-тур
“Сўғдиёна” — “Динамо” 1:3
Голлар: 1:0 — Жаҳонгир Қаҳрамонов (2), 1:1 — Амаду Думбуя (32), 1:2 — Анваржон Ҳожимирзаев (73, пенальти), 1:3 — Расул Йўлдошев (79).
“Сўғдиёна”: Шоҳруҳ Исоқов, Зоир Жўрабойев, Ислом Қобилов, Жамшид Болтабоев (Петар Мичин, 78), Жаҳонгир Қаҳрамонов (Шоҳруз Камолов, 61), Филип Иванович, Люпчо Дориев, Хондамир Мустафоқулов (Сардор Жамолов, 78), Забеҳилло Ўринбоев (Беҳруз Асқаров, 33), Абдулазизхон Абдурашидов (Самандаржон Мавлонқулов, 61), Нодиржон Сойибов.
“Динамо”: Эдем Неманов, Артём Радаев (Салим Мустафоев, 89), Михаил Штефан, Азиз Омонов, Анваржон Ҳожимирзаев, Амаду Думбуя, Жалолиддин Жумабоев, Жаҳонгир Абдусаломов, Акбар Худойбердиев (Расул Йўлдошев, 46), Ҳарис Ҳайдаревич (Санжар Қодирқулов, 89), Эдем Сейтвалиев.
Огоҳлантиришлар: Ҳарис Ҳайдаревич (48), Амаду Думбуя (58), Эдем Неманов (59), Артём Радаев (85).
Четлатиш: Нодиржон Сойибов (29).