locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Вали Султонов: «Бу ғалаба билан тўхтаб қолмаймиз»

Султонов урганчликлар бош мураббийига айлангач, илк ғалабасини қўлга киритди.
Футбол
Вали Султонов: «Бу ғалаба билан тўхтаб қолмаймиз»
photo: Xorazm fk
Ўзбекистон Суперлигаси
05.11.2026, Як.
Бунёдкор
1
Хоразм
2

Тошкентда бўлиб ўтган «Бунёдкор» ва «Хоразм» жамоалари баҳсида 1:2 ҳисобида меҳмонлар ғалаба қозонди. Вали Султонов урганчликлар бош мураббийига айлангач, илк ғалабасини қўлга киритди.

Ушбу мутахассис учрашувдан кейинги матбуот анжуманида қатнашди ва фикрларини билдириб, бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Бугун ғалабани кутгандик. Ғалабани қанчалик кутганимизни билсангиз эди?! Барча мухлисларимизни ушбу муваффақият билан табриклайман. Қолаверса, ўйинчиларимиз мураббийлар штаби томонидан кўрсатилган кўрсатмаларни бажаришди. Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Олдимизда яна учрашувлар бор. «Бунёдкор» жамоасига кейинги беллашувларда омад тилаймиз. Улар ҳам яхши ўйнашди. Биз жиддий тайёргарлик кўргандик. Футболчиларимизга ва мураббийлар штабига катта раҳмат. Қолаверса, вилоят ҳокимига ҳам раҳмат. Бу ғалаба бизга жуда керак эди.

- Фабио Каннаваро бугунги учрашувга ташриф буюрди. Биламизки, «Хоразм» таркибида миллий жамоага номзод футболчи бор. Бундан ташқари, клубдаги яна қайси ўйинчини миллий жамоа даражасида деб айта оласиз?
- Дарвозабонни айтган бўлардим. Охирги учрашувларда у жуда яхши ўйнаяпти. Қолган ўйинчиларимиз ҳам ҳаракат қилишяпти. Бош мураббий Каннаваронинг ўзи танлаб олади. Ҳар бир футболчини миллий жамоада ўйнаш нияти бўлади. Биздан яна бир-иккита ўйинчилар ҳам миллий жамоага тушишади, деб умид қиламан.

- Бугун «Хоразм» таркибида иккала қанот футболчилари гол уришди...
- Ҳар бир жамоани кузатиб борамиз. Шунга қараб ўз тактик режаларимизни бажардик. Йигитлар кўрсатмаларимизни жуда яхши бажаришди. Бу тасодиф эмас. Ҳар бир машғулотда ишланган ишланмалар, ҳар бир рақиб жамоани ўзидан келиб чиқиб, қандай тактикаларда ўйнаш бўйича режалар қиламиз. Бугун ҳам шунга яраша тактика қўлладик ва шунга мос равишда ўйнадик. Қийин бўлди. «Бунёдкор» яхши жамоа. Бошкович келганидан кейин жамоа кучайди. Рақибларга қийин бўляпти. Суперлигада ҳар бир учрашув, ҳар бир очко учун жиддий рақобат кетяпти. Ғалаба қозониш осон эмас. Мана, кўрдинглар, бугун қанақа ўйин бўлди? Уйда «Пахтакор» билан шундай қийин кечганди. Бу ёғига осон бўлмайди. Биз ҳам тўхтаб қолмаймиз, ғалаба учун курашамиз. «Хоразм»ни Суперлигада олиб қолиш учун ҳаракат қиламиз. Режаларимиз катта.

- Ўйин ташаббуси «Бунёдкор» томонида эди. «Пахтакор» билан ўйиндаги қўшимча 30 дақиқани ҳам бугун таъсири борми?
- Ҳа, таъсири бор. Ўйинчиларимизни ўйиндан олдин ҳам бироз жароҳатлари бор эди. Бошқа иложи йўқ. Ҳар бир футболчига орқага йўл йўқ, фақат олдинга, фақат ғалаба учун ўйнаймиз деб уқтирамиз. Йигитларда жароҳатлари бўлса-да, бор кучларини бериб ўйнашди. Иккинчи таймда яна қўшимча жароҳатлар бўлди ва шу боис бироз орқага чекиндик, чарчоқ сезилди. Лекин бор кучини бериб ўйнашгани учун барча футболчиларга катта раҳмат.

- «Хоразм» қийин ҳолатда эди. Олти очколик учрашувда ютди. Олдинда 3 та тур қолди. Жамоани лигада қолиши учун ресурслар етарли, деб ҳисоблайсизми?
- Ҳар бир ўйин учун курашяпмиз. Ғалаба учун чиқяпмиз. Олдимизда яна 3 та тур бор. Бизга шу ғалаба керак эди. Кўряпсизлар, бунгача ютолмаётгандик. Омад келмаётганди, лекин йигитлар курашиб келишмоқда. Биз мураббийлар штаби ҳам ўргатяпмиз, ҳаракат қиляпмиз. Йигитлар курашмоқдалар, аммо омадга ҳам боғлиқ-ку. Худога шукр, керакли ғалабага эришдик.

- Жамоани лигада олиб қолсангиз раҳбарият сизни бош мураббий сифатида қолдирадими?
- Ҳозирча бу саволга жавоб бера олмайман. Ҳаммаси Худодан. Аввало, клубни олиб қолайлик. Мени вазифам клубни Суперлигада сақлаб қолиш. 12 йил давомида ишламаган эдим. Мана, раҳбарият менга ишонч берди. Хоразм халқини, раҳбариятни ишончини оқлаймиз, Худо хоҳласа», - дея Вали Султоновнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг