“Ньюкасл” футболчиси камон ва ўқлар билан юргани учун полиция томонидан тўхтатилди
Англиянинг “Ньюкасл” клуби ҳимоячиси Амар Дедич Буюк Британияда полиция текширувига дуч келди. Футболчи ва унинг ҳамроҳи камон ҳамда ўқлар билан юргани ҳақида хабар келиб тушганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, воқеа 4 ноябрь куни Нортумберленд ҳудудида юз берган. Маҳаллий фуқаро сув омбори яқинида камон ва ўқлар кўтариб юрган икки кишини кўриб, полицияга мурожаат қилган. Шундан сўнг воқеа жойига бир нечта патруль автомобили, жумладан, қуролланган полиция ходимлари юборилган.
Кейинчалик Дедич ва унинг ҳамроҳи Дарасс-Холл ҳудудида автомобилда кетаётганида тўхтатилган. Текширув давомида камон ва ўқлар олиб қўйилган. Полиция дастлабки маълумотларга кўра, ушбу жиҳозлар кўнгилочар мақсадда фойдаланилгани ва жамоатчилик учун хавф аниқланмаганини маълум қилган. Ҳолат юзасидан текширув давом этмоқда.
Маълумот учун, 24 ёшли босниялик ҳимоячи 2026 йил ёзида Португалиянинг “Бенфика” клубидан “Ньюкасл”га ўтган. Унинг трансфери тахминан 30 миллион фунт стерлингга баҳоланган. Хабарларга кўра, клуб футболчига нисбатан интизомий чора қўллашни режалаштирмаяпти.