Луис де ла Фуэнте: «Мағлубиятга қарамай, футболчиларимдан фахрланаман»
Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте Миллатлар лигаси доирасида Англияга қарши кечган ва 2:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«Футболчиларимдан фахрланаман ва улардан миннатдорман. Аввалги ютуқларимизни қадрлашимиз керак. Биздан кейинги авлодлар бу натижалардан ҳам юқорироқ марраларни забт этишга интилсин. Ғалаба қозонишни ҳам, мағлубиятни муносиб қабул қилишни ҳам билиш лозим.
Дастлабки 30 дақиқада рақиб устунлик қилди ва бизни ўз майдонимизга қамаб қўйди. Ҳисобнинг 0:3 кўринишига келиши биз учун оғир зарба бўлди. Шунга қарамай, ҳужумга ўтишга ҳаракат қилдик.
Учрашув бошиданоқ муаммоларга дуч келдик. Марк Пубилнинг тўпиғи, Пау Кубарси ва Мартин Субимендининг мушаклари билан боғлиқ муаммолар юзага келди.
Кейинчалик тактикамизни ўзгартирдик ва футболчилар бор кучини ишга солди. Ҳеч бўлмаганда дурангга эриша олмаганимиз ачинарли. Шундай бўлса-да, бу ажойиб жамоадан фахрланаман», — деди мураббий Teledeporte телеканалига берган интервьюсида.