«Челси» Бастони трансферини кўриб чиқмоқда
Лондоннинг «Челси» клуби «Интер» ҳимоячиси Алессандро Бастонига қизиқиш билдирмоқда. TEAMtalk маълумотига кўра, Англия гранди 27 ёшли италиялик футболчини трансфер қилиш имкониятини ўрганмоқда ва ҳозирча АПЛ клублари орасида ушбу пойгада етакчилик қилмоқда.
Аввалроқ Бастонини «Барселона» ҳам ўз сафига қўшиб олишни истаган эди. Бироқ футболчининг атрофидагиларга каталонияликлар бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик ҳимоячининг ўз ўйин тизимига мос келиши борасида тўлиқ ишончга эга эмаслиги ҳақида маълумот етиб борган.
Шу сабабли италиялик футболчининг вакиллари мураббий унинг эҳтимолий трансферини тўлиқ қўллаб-қувватлашига ишонч ҳосил қилмоқчи.
«Челси»дан ташқари, Бастонига «Ливерпуль», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Бавария» ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бироқ мерсисайдликлар ҳозирча марказий ҳимоя позицияси бўйича узоқ муддатли режаларини аниқ белгилаб олмаган.
Бастонининг «Интер» билан шартномаси 2028 йилгача амал қилади. Миланликлар келишувни узайтиришни истамоқда. Агар томонлар янги шартнома борасида келиша олмаса, клуб келаси ёзда футболчини сотиш вариантини кўриб чиқиши мумкин.