Моуринонинг эътирозидан сўнг \"Эл-Класико\" ҳаками алмаштирилди
Моуринонинг эътирозидан сўнг "Эл-Класико" ҳаками алмаштирилди
Испания Ҳакамлар техник қўмитаси (CTA) "Барселона" ва "Реал" ўртасидаги "Эл-Класико" учрашувини бошқариши керак бўлган Алехандро Эрнандес Эрнандесни бошқа ҳакамга алмаштиришга қарор қилди.
Бу ҳақда Marca нашри журналист Роберто Гомесга таяниб хабар бермоқда.
Манба маълумотига кўра, мазкур қарорга "Реал" бош мураббийи Жозе Моуринонинг норозилиги асосий сабаб бўлган. Португалиялик мутахассис учрашувни бошқарадиган ҳакамнинг номи олдиндан маълум бўлиб қолганидан норози бўлган.
"Дастлаб учрашувни Эрнандес Эрнандес бошқариши керак эди. Моурино эса икки марта ўйинга қайси ҳакам тайинланиши аллақачон маълум бўлгани уни ҳайратга солаётганини айтди.
Қўмита жаҳон чемпионатида ишлаган ҳакам — Эрнандес Эрнандесни тайинламоқчи эди. У жорий мавсумда алоҳида босим остида қолмаган", — деди Гомес.
Журналистнинг таъкидлашича, Ҳакамлар техник қўмитаси Моуринога қўшимча танқид учун сабаб беришни истамаётгани айтилмоқда.
"Барселона" ва "Реал" ўртасидаги "Эл-Класико" 25 октябр, якшанба куни Испания Ла Лигасининг 10-тури доирасида бўлиб ўтади.