locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Шахматдаги махфий қуроллар: Синдоров ва Гукешнинг секундантлари ҳақида нималар маълум?

Жавоҳир Синдоров жаҳон чемпионлиги учун курашга Нодирбек Абдусатторов билан бирга тайёрланади.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Шахматдаги махфий қуроллар: Синдоров ва Гукешнинг секундантлари ҳақида нималар маълум?
photo: Chess Uzbekistan

Жавоҳир Синдоров жаҳон чемпионлиги учун курашга Нодирбек Абдусатторов билан бирга тайёрланади. Амалдаги жаҳон чемпиони Гукешнинг жамоасида эса аввал Вишванатан Ананд билан ишлаган тажрибали мутахассислар бор. Аммо бу икки шахматчининг тайёргарлик жамоалари ҳақида нималар маълум?
24 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги Колони ҳудудида Гукеш Доммаражу ва Жавоҳир Синдоров ўртасида жаҳон чемпионлиги учун матч бошланади. Иккала шахматчи ҳам 20 ёшда. Бир томонда 2024 йилда Дин Лиренни мағлуб этиб, дунёнинг энг ёш жаҳон чемпионига айланган Гукеш. Иккинчи томонда эса 2026 йилги Номзодлар турнирида ғалаба қозониб, жаҳон тожига даъво қилиш ҳуқуқини қўлга киритган Жавоҳир Синдоров.
Чемпионлик тақдири кўпи билан 14 та классик партияда ҳал бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко жамғарган шахматчи ғолиб чиқади. Агар ҳисоб 7:7 бўлса, чемпион тай-брейк орқали аниқланади.
Аммо бу даражадаги матчга шахматчилар ёлғиз тайёрланмайди. Ҳар бир кучли юриш, кутилмаган дебют ёки рақибнинг заиф томонига қаратилган режа ортида ҳафталаб, баъзан ойлаб олиб борилган тайёргарлик туради. Бу ишда шахматчиларга секундантлар — мураббийлар, гроссмейстерлар ва таҳлилчилар ёрдам беради.
Улар рақибнинг эски партияларини ўрганади, дебютларда янги ғоялар излайди, турли вазиятларни таҳлил қилади ва матч давомида кейинги партияларга тайёрланади. Шу сабаб жаҳон чемпионати нафақат икки шахматчи, балки улар ортидаги жамоалар ўртасидаги кураш ҳам ҳисобланади.

Абдусатторов Синдоров билан тайёрланади

Жаҳон чемпионати олдидан энг қизиқарли янгиликлардан бири — Нодирбек Абдусатторовнинг Жавоҳир Синдоровга ёрдам беришидир. Нодирбек бу ҳақда ўзи маълум қилган. У Жавоҳир билан бир ҳафта давомида тайёргарлик олиб боришни режалаштирган.
Бу икки шахматчи кўп йиллардан бери бир-бирини яхши билади. Улар индивидуал турнирларда рақиб бўлишган, Ўзбекистон терма жамоасида эса биргаликда катта муваффақиятларга эришишган. Жумладан, 2026 йилда Самарқандда ўтган Шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси билан олтин медални қўлга киритишди.
Энди эса Абдусатторов ўзининг кучли рақобатчиларидан бири бўлган Синдоровга жаҳон чемпиони бўлиш йўлида ёрдам беради. Бундай ҳамкорлик Жавоҳир учун қимматли бўлиши мумкин. Чунки Нодирбек ҳам дунёнинг энг кучли классик шахматчиларидан бири ва юқори даражадаги турнирларда катта тажрибага эга.
Абдусатторов дўстининг имкониятларига жуда юқори баҳо берган. Унинг шахсий фикрича, Синдоровнинг Гукешга қарши ғалаба қозониш эҳтимоли 80 фоиз. Албатта, бу математик ҳисоб-китоб эмас, Нодирбекнинг матч олдидан билдирган баҳоси.
Роман Видоняк

Синдоровнинг тайёргарлигида яна бир муҳим инсон — унинг украиналик мураббийи Роман Видоняк. Жавоҳир у билан 2025 йил январидан бери ишлаб келмоқда. Бу ҳамкорлик шахматчимизинг кейинги муваффақиятларида катта ўрин тутди.
Видоняк илгари Аниш Гири, Владимир Федосеев ва Йорден ван Форест каби кучли гроссмейстерлар билан ҳам ишлаган. Унинг машғулот услуби одатий дебютларни ёдлаш билан чекланмайди. Мураббий шахматчининг фикрлаш қобилияти, ҳимояланиш маҳорати, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиши ва узоқ давом этадиган партияларда диққатини сақлашига алоҳида эътибор беради.
Жавоҳирнинг айтишича, Видоняк билан машғулотлар шунчалик қизиқарли ўтадики, баъзан саккиз соат қандай ўтганини сезмай қолишади. Мураббийнинг ўзи эса Номзодлар турниридан кейин қизиқарли тафсилотни ошкор қилган.
Улар Синдоров билан қарийб 200 та ҳимояланиш вазиятини ишлаб чиқишган. Бунинг натижаси Фабиано Каруанага қарши мураккаб партияда ҳам кўринган. Жавоҳир оғир вазиятда аниқ ҳимояланиб, дурангга эришган эди. Видоняк бу каби кўникмалар мунтазам машғулотлар орқали шаклланишини таъкидлаган.
Унинг олдида энди янада катта вазифа турибди: шогирдини жаҳон чемпионлиги учун матчга тайёрлаш.
Мадаминов ҳам Синдоровга ёрдам берадими?

Синдоров жамоасига қўшилиши мумкин бўлган яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер — Муҳиддин Мадаминов. У 2026 йилги Номзодлар турнирида ҳам Жавоҳирга ёрдам берган.
Синдоров ўша мусобақада кучли рақибларни ортда қолдириб, бир тур қолганида ғолибликни кафолатлаган эди. Мадаминовнинг бу сафарги жаҳон чемпионати тайёргарлигида ҳам қатнашиши эҳтимоли юқори.
Гукешнинг мураббийи аввал Ананд билан ишлаган
Гукешнинг асосий ёрдамчиларидан бири — поляк Гжегож Гаевский. У илгари Вишванатан Ананд билан ишлаган, 2024 йилда эса Гукешнинг Дин Лиренга қарши жаҳон чемпионати матчига тайёргарлигида муҳим рол ўйнаган. Самарқанддаги Шахмат олимпиадасидан кейин Гаевский шогирдининг ўйинига қизиқарли баҳо берди.
Гукеш 11 партияда 8,5 очко жамғариб, 4-тахтада кумуш медални қўлга киритганига қарамай, мураббий унинг иштирокини «яхши, лекин аъло эмас» деб баҳолади. Гаевскийнинг фикрича, Гукеш бундан ҳам кучлироқ ўйнай олади. Аммо мураббийни энг кўп хурсанд қилган жиҳат — шогирдининг руҳий жиҳатдан кучли кўрингани.
Жавоҳир Синдоровга қарши жаҳон чемпионати матчи яқинлашаётган бир пайтда Гукешнинг ўзига бўлган ишончи ҳам унинг тайёргарлигида муҳим аҳамият касб этади. Бу сафар ҳам у Гукеш билан ишлаши маълум. Аммо 2024 йилги жамоа фақат Гаевскийдан иборат бўлмаган.
Радослав Войташек — Ананднинг бир нечта жаҳон чемпионати матчларида қатнашган тажрибали поляк гроссмейстери.
Ян-Кшиштоф Дуда — дунёнинг энг кучли шахматчилари қаторидан ўрин олган яна бир поляк гроссмейстери.
Винсент Каймер — Германиянинг етакчи шахматчиларидан бири.
Пентала Харикришна — Ҳиндистоннинг тажрибали гроссмейстери.
Бу шахматчилар 2024 йилда Гукешнинг Дин Лиренга қарши тайёргарлигига ҳисса қўшган. Жамоани шакллантиришда Вишванатан Ананднинг тажрибаси ҳам муҳим бўлган. Собиқ жаҳон чемпиони Гукешга ўз билимлари билан ёрдам берган ва аввал ўзи билан ишлаган айрим мутахассисларнинг янги чемпион жамоасига қўшилишида рол ўйнаган. Бироқ Ананднинг ўзи Гукешнинг дебют тайёргарлигида бевосита қатнашмаган.
2026 йилда эса Гаевскийдан бошқа қайси ёрдамчилар қайтиши ҳозирча маълум эмас. Аввалги жамоанинг айрим аъзолари яна бирлашиши мумкин.
Гукешнинг айрим ёрдамчилари Испаниядан ишлаган
Қизиқ томони, жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган барча ёрдамчилар бир жойда ишлаши шарт эмас. 2024 йилда Гукеш ва Дин Лирен Сингапурда ўйнаган. Аммо Гукешга ёрдам берган айрим гроссмейстерлар Испанияда бўлиб, масофадан ишлашган. Бунда вақт фарқидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Масалан, шахматчи матч тугагач дам олаётган пайтда бошқа мамлакатдаги секундантлар навбатдаги партия учун янги ғояларни текшириши мумкин. Шахматчи уйғонганида эса уни аллақачон тайёрланган таҳлиллар кутиб туради.
Албатта, бунинг учун жамоа ичидаги вазифалар аниқ тақсимланиши ва маълумотлар мунтазам алмашиб туриши керак. Замонавий шахматда кучли компьютер дастурлари, катта партиялар базаси ва масофавий ҳамкорлик секундантлар ишининг ажралмас қисмига айланган. Лекин энг муҳим масала ўзгармайди: топилган ғояларни шахматчи партия давомида тўғри қўллай олиши керак.
Нега секундантлар сир тутилади?
Секундантлар жамоаси ҳақидаги барча маълумотларни ошкор қилиш ҳар доим ҳам фойдали эмас. Сабаби оддий: ёрдамчингизнинг кимлиги рақибга тайёргарлигингиз ҳақида маълум ишора бериши мумкин. Масалан, маълум бир дебютни яхши биладиган гроссмейстернинг жамоага қўшилгани рақибни айнан шу йўналишга тайёрланишга ундаши мумкин. Шунинг учун баъзи шахматчилар секундантларининг исмларини матч бошлангунча сир сақлашади.
Бунга шахмат тарихида қизиқарли мисол ҳам бор. 2008 йилда Вишванатан Ананд ва Владимир Крамник жаҳон чемпионлиги учун курашган. Крамник ўз ёрдамчиларини Германиядаги меҳмонхоналардан бирига жойлаштирган ва улар билан тайёргарлик олиб борган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг