«Кварадона»: «Ўйнаётганингда ҳамма деразаларга чиқиб, учрашувни томоша қилади. Шундай вазиятда албатта ўзгача нимадир кўрсатишинг керак»
«ПСЖ» ва Грузия миллий жамоаси юлдузи Хвича Кварацхелия футбол оламидаги илк куми́ри ким бўлганини маълум қилди. Шунингдек, у отасининг футболчи сифатида шаклланишидаги ўрни, Криштиану Роналдудан олган сабоқлари ва фаолиятининг дастлабки йилларидаги қийинчиликлар ҳақида гапирди.
Франциянинг GQ журналига берган катта интервьюсида Кварацхелия болалик даврларини ёдга олди. Унинг айтишича, футболдаги илк куми́ри отаси Бадри бўлган. У собиқ футболчи, кейинчалик мураббий сифатида фаолият юритган.
«Ўша пайтларда YouTube ҳозиргидек оммалашмаган эди. Шу сабабли онам отамнинг ўйинларидан ёзиб олган видеоларни қайта-қайта томоша қилардим. У ажойиб футболчи бўлган, узоқ масофадан жуда кучли зарбалар йўлларди. Бир сафар Чемпионлар лигаси саралаш босқичида хет-трик қайд этган. Мен ҳам унга ўхшашни истардим», — деди грузиялик футболчи.

Кварацхелия шунчаки ўйинларни томоша қилиш билан чекланмаган. У Грузия кўчаларида дўстлари билан футбол ўйнаб улғайган. Турар жой бинолари орасидаги майдонларда ўтган баҳсларни қўшнилар деразалардан кузатиб боришган.
«Грузияда Бразилиядагига ўхшаш, ҳар томондан бинолар билан ўралган футбол майдонлари бор. Ўйнаётганингда ҳамма деразаларга чиқиб, учрашувни томоша қилади. Шундай вазиятда албатта ўзгача нимадир кўрсатишинг керак», — дея эслайди Кварацхелия.
Криштиану Роналду ҳам унга ўрнак бўлган
Грузиялик футболчининг шаклланишида Криштиану Роналдунинг ҳам таъсири катта бўлган. Айниқса, португалиялик юлдузнинг меҳнатсеварлиги ва жисмоний тайёргарлигига бўлган эътибори Кварацхелияга ўрнак бўлган.
«Динамо» Тбилиси академиясида шуғулланган кезларида у жисмоний тузилиши нисбатан нозик бўлгани сабабли ўзидан катта ёшдаги футболчилар билан машғулотларда қатнаша олмаган. Шу боис янада кўпроқ меҳнат қилишга киришган ва Роналдуни ўзига намуна қилиб олган.
«Дастлаб жуда қийин бўлган. Аммо 16 ёшга тўлганимда асосий жамоада ўйнай бошладим», — деди футболчи.

Кварацхелиянинг юлдузга айланиш йўли осон кечмаган. У дастлаб Грузиянинг «Рустави» клубида тўп сурди, кейин Москванинг «Локомотив» жамоасига ўтди. Бироқ Россия клубида ўзини кўрсата олмади ва кўп вақтини захира ўриндиғида ўтказди. Шундан сўнг яна ватанига қайтди.
Кейинчалик Қозоннинг «Рубин» клуби унга янги имконият тақдим этди. Ушбу жамоада Кварацхелия асосий таркиб футболчисига айланди, жисмоний жиҳатдан анча кучайди ва Россия чемпионатида рақибларини алдаб ўтиш ҳамда дарвозага кескин ёриб киришлари билан мухлислар эътиборини қозонди. У кетма-кет икки мавсум чемпионатнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди.

Европадаги шубҳалардан «Наполи» ва «ПСЖ» юлдузлигигача
Шунга қарамай, Кварацхелиянинг фаолиятидаги қийинчиликлар Россиядаги илк давридан кейин ҳам давом этди. «Рубин» сафидаги ёрқин ўйинларига қарамасдан, Европанинг йирик клублари уни харид қилишга шошилмади.
Грузия миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Вилли Санёл футболчини бир нечта Европа клубига таклиф қилганини, бироқ ғалати эътирозларга дуч келганини айтган. Айрим мутахассислар Кварацхелиянинг фақат грузиялик бўлгани учун Ғарбий Европа футболига мослаша олишига шубҳа билан қарашган.
2022 йилда Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланганидан кейин Кварацхелия «Рубин»ни тарк этиб, ватанига қайтди ва «Динамо» Батуми сафига қўшилди. У ушбу клуб сафида 11 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Футболчининг ўзи бу даврни фаолиятидаги энг муҳим босқич деб ҳисоблайди.

«Бу икки ой бутун футболчилик фаолиятимдаги энг муҳим давр бўлди», — дея таъкидлади у.
Грузиядаги муваффақият Кварацхелия учун Европага йўл очди. «Наполи» уни тахминан 10 миллион евро эвазига сотиб олди. Грузиялик футболчи 2022/23 йилги мавсумда жамоага Италия чемпионлигини қўлга киритишда ёрдам берди. Унинг ёрқин ўйини туфайли мухлислар унга клуб афсонаси Диего Марадонага ишора қилувчи «Кварадона» лақабини беришди.
2025 йилнинг январида эса Кварацхелия «ПСЖ»га ўтди. Париж клуби унинг трансфери учун қарийб 70 миллион евро сарфлагани айтилади. Грузиялик футболчи қисқа вақт ичида жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди. У клуб билан Чемпионлар лигасида кетма-кет икки мавсум ғолиб чиқиб, 2025/26 йилги мусобақанинг энг яхши футболчиси совринини ҳам қўлга киритган.