Моуринонинг режаси Арда Гулерга фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказиш имконини бериши мумкин
«Реал» бош мураббийи Жозе Моурино Арда Гулер учун махсус режа ишлаб чиқди. Мутахассис туркиялик футболчининг имкониятларини янада очиш ва ундан максимал даражада фойдаланишни мақсад қилган. Шу билан бирга, яримҳимоячининг 2032 йилгача мўлжалланган янги шартномаси клубнинг унга бўлган ишончини яна бир бор тасдиқлади.
Арда Гулернинг «Реал» билан шартномасини 2032 йилгача узайтириши Мадрид клуби учун оддий келишувдан кўра каттароқ аҳамиятга эга. Туркия миллий жамоаси аъзоси сўнгги йилларда клубнинг ёш истеъдодларни кашф этиш бўйича масъул ходими Жуни Калафат амалга оширган энг муваффақиятли трансферлардан бири ҳисобланади. Ўшанда «Реал» футболчини қўлга киритиш учун «Барселона» билан рақобатда ғолиб чиққан эди.
Бу келишув Мадрид клуби Вальдебебас академиясига яна бир иқтидорли футболчи — JJ Gabrielни жалб қилиш бўйича музокараларни якунлаётган бир пайтда амалга ошди. Шу жиҳатдан Гулер билан янги шартнома имзоланиши ҳам клубнинг келажакдаги режаларида муҳим ўрин тутади.
Испаниянинг «Спорт» нашри «Реал» кийиниш хонасига яқин манбаларга таяниб, Моурино футболчининг жорий мавсумдаги имкониятларига юқори баҳо бераётганини ёзди.
«Моурино, агар ҳаммаси режадагидек кетса, Гулер жорий мавсумда фаолиятидаги энг яхши статистик кўрсаткичларни қайд этишига ишонмоқда», — дея таъкидлайди нашр манбаси.
Португалиялик мураббий жамоага қайтганидан буён Гулерни ўзининг алоҳида эътиборидаги футболчига айлантирди. Моурино ҳужумларни ташкил этишда унинг атрофида паслар тизимини шакллантириш, стандарт вазиятлардан самарали фойдаланиш ва тўп билан ишлашдаги кучли жиҳатларини бутун жамоа манфаатига йўналтиришни режалаштирмоқда.
Килиан Мбаппенинг Гулерни янги шартномаси билан табриклаб, «Раҳмат, энди бугун кечаси хотиржам ухлайман», дея ёзгани ҳам туркиялик футболчининг ривожланиши жамоа ичида қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Гулернинг статистикаси Моуринонинг ишончини оқламоқда
Арда Гулер жорий мавсумда барча мусобақаларда 19 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 7 та голли узатмани амалга оширди.
У «Реал» сафида 14 та ўйинда 4 та гол ва 6 та ассист қайд этган. Туркия миллий жамоаси таркибида эса 5 та учрашувда бир мартадан гол ва голли узатма муаллифи бўлган.
Шундай қилиб, 12 та голли ҳаракат футболчини фаолиятидаги энг яхши статистик натижаларига яқинлаштирмоқда. Унинг энг кўп гол урган мавсуми 2024/25 йилги мавсум бўлиб, ўшанда 9 та гол қайд этган. 2025/26 йилги мавсумда эса клуб ва миллий жамоа сафида жами 8 та гол ҳамда 19 та голли узатма амалга ошириб, ҳужумдаги энг яхши кўрсаткичига эришган.
Моурино Гулернинг позициясини ўзгартирмоқчи эмас
«Спорт» нашри маълумотларига кўра, Моурино туркиялик футболчининг ўйин даражасини янада ошириш учун махсус тактик режа ишлаб чиққан. Унга кўра, Гулер асосан ўнг қанотда ҳаракат қилишда давом этади.
Ушбу режадан мақсад яримҳимоя марказида сон жиҳатдан устунлик яратиш ва Федерико Вальверде учун қанотда бўш ҳудуд қолдиришдан иборат. Уругвайлик футболчининг жисмоний имкониятлари эса ушбу бўшлиқлардан тезкор ҳужумлар ташкил этишда фойдаланиш имконини беради.
Айнан шу тактик ўзгариш «Реал»нинг сўнгги икки халқаро танаффус оралиғида кетма-кет саккизта ғалабага эришишида муҳим омиллардан бири бўлган.
«Моурино ҳужумларни назорат қилиш имкониятини ошириш учун Гулерни танлади», — дейилади «Спорт» нашри хабарида.
Статистик маълумотлар ҳам ушбу қарорнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. FBref маълумотларига кўра, Гулер Ла Лига ва Чемпионлар лигасида майдонда бўлган жами 846 дақиқа давомида «Реал» 25 та гол уриб, ўз дарвозасидан атиги 4 та гол ўтказиб юборган.
Туркиялик футболчи майдонда бўлмаган 594 дақиқада эса мадридликлар 19 та гол урган ва 13 та гол ўтказиб юборган.
Айниқса, ҳимоядаги фарқ эътиборга молик. Гулер майдонда бўлмаганида «Реал» ҳар 90 дақиқада ўртача 1,97 та гол ўтказиб юборган. У иштирок этган дақиқаларда эса бу кўрсаткич 0,43 тага тушган. Яъни, ўтказиб юборилган голлар сони қарийб 78 фоизга камайган.
Гулер марказда ҳам ўйнаши мумкин
Моурино айрим учрашувларда Гулерни марказий яримҳимоячи сифатида, яъни «саккизлик» позициясида синаб кўриш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда.
Бироқ португалиялик мутахассис футболчини ҳаддан ташқари чуқур позицияга тушириш тарафдори эмас. Чунки Гулернинг энг яхши ўйинлари рақиб дарвозаси яқинида ҳаракат қилганида кузатилмоқда.
Шунга қарамай, ҳимояда зич жойлашадиган рақибларга қарши баҳсларда бундай ўзгариш заруратга айланиши мумкин. Бу ҳолатда туркиялик футболчидан ҳужумларни нисбатан чуқурроқ ҳудуддан бошқариш талаб этилади.
Қайд этилишича, Моуринонинг «Реал»даги мавсуми кўп жиҳатдан Арда Гулернинг ўйинларига ҳам боғлиқ. Мураббий ва унинг ёрдамчилари футболчининг салоҳиятини дастлабки машғулотларданоқ юқори баҳолашган.
Дастлаб оддий самимий муносабат сифатида бошланган алоқа вақт ўтиши билан яқин шахсий ва профессионал ҳамкорликка айланган.
«Моурино ушбу шартнома узайтирилганидан ниҳоятда мамнун. У Гулердан имкон қадар кўпроқ фойда олишда давом этишни истайди», — дея «Реал» кийиниш хонасига яқин манба сўзларини келтиради «Спорт».
Агар Моурино ишлаб чиққан режа амалга ошса, Арда Гулер жорий мавсумда нафақат «Реал»нинг энг муҳим футболчиларидан бирига айланиши, балки фаолиятидаги энг яхши натижаларини ҳам қайд этиши мумкин.