locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Қишки трансфер ойнаси: январь ойида амалга ошиши мумкин бўлган энг йирик трансферлар

Жамоалар аллақачон музокараларга киришган.
Мақолалар
Қишки трансфер ойнаси: январь ойида амалга ошиши мумкин бўлган энг йирик трансферлар
Фото: Getty Images

Қишки трансфер ойнаси очилишига қарийб икки ой вақт бор. Шунга қарамай, ҳозирданоқ оммавий ахборот воситалари январь ойида амалга ошиши мумкин бўлган йирик трансферлар ҳақидаги хабарларга тўлиб кетган.

Алекс Скотт («Борнмут»дан «Челси», «Ливерпуль» ёки «Реал»га)

23 ёшли яримҳимоячи ҳужумчи Эли Жуниор Крупи билан биргаликда «Борнмут»нинг энг ёрқин футболчиларидан бири ҳисобланади.

Ёзги трансфер ойнасидаёқ Алекс Скоттни «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» ўз сафига қўшиб олишни истаган эди. Бироқ манкунианликлар маълум бир босқичда бу ғоядан воз кечди, лондонликлар эса «Борнмут» билан трансфер нархи бўйича келиша олмади.

Шунга қарамай, январь ойида «Челси» Скотт трансфери бўйича яна бир бор ҳаракат қилиши кутилмоқда. Миш-мишларга ишонадиган бўлсак, «кўклар» ёш иқтидор эгаси учун тахминан 120 миллион евро тўлашга тайёр. «Борнмут» ҳам айнан шу миқдорни талаб қилмоқда.

Бироқ лондонликлар футболчи учун курашда «Ливерпуль» ва Мадриднинг «Реал» клубларидан устун келишига тўғри келади.

Алекс Баэна («Атлетико»дан «Арсенал»га)

«Атлетико»нинг испаниялик вингери 2026 йилги Жаҳон чемпионатида кутилмаганда жуда ёрқин ўйин намойиш этди. Баэна мундиалга асосий таркиб футболчиси сифатида бормаган бўлса-да, иккинчи турданоқ старт таркибидан жой олди ва деярли мусобақа якунига қадар юқори савияда ҳаракат қилди.
25 ёшли ҳужумчи янги клуб мавсумида ҳам ўз ўйинини янада такомиллаштиришда давом этди. Натижада у Лондоннинг «Арсенал» клуби эътиборига тушди.

Тахминларга кўра, «канонирлар» Баэнани қўлга киритиш учун Мартин Субимендини сотиши мумкин. Ушбу трансфердан тушадиган маблағ испаниялик вингерни харид қилишга йўналтирилиши эҳтимолдан холи эмас.

Алехандро Бальде («Барселона»дан «Манчестер Юнайтед»га)

«Барселона» ёздаёқ ҳимоячиси билан хайрлашишга тайёр эди, бироқ футболчининг ўзи жамоани тарк этишдан бош тортган. Бальде бош мураббий Ханс-Дитер Фликни ўз ўйини билан ишонтиришга умид қилган эди.

Бироқ Ла Лиганинг янги мавсумидаги дастлабки тўққизта учрашувда у фақат бир марта майдонга тушиш имкониятига эга бўлди. «Расинг»га қарши баҳсда (7:1) эса атиги 12 дақиқа ҳаракат қилди.

Сўнгги вақтларда Бальденинг вазияти бироз яхшиланди. Бироқ Флик испаниялик ҳимоячидан асосан жамоадаги кўплаб жароҳатлар туфайли фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Бальде учун асосий даъвогар сифатида «Манчестер Юнайтед» кўрсатилмоқда. Манкунианликлар ёздаёқ ҳимоя қанотларини кучайтиришни режалаштирган эди. Эҳтимол, январь ойида «қизил иблислар» футболчини ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилади.

Қолаверса, миш-мишларга кўра, Бальденинг трансфер борасидаги позицияси ўзгарган ва у бошқа клублар таклифларини кўриб чиқишга тайёр.

Ламин Камара («Монако»дан «Ливерпуль» ёки «Челси»га)

Ёзги трансфер ойнасининг сўнгги куни Ламин Камара Лондоннинг «Челси» клубига ўтиши керак эди. Бироқ трансфер ойнаси ёпилишига бир неча соат қолганида «Монако» сенегаллик футболчини сотиш фикридан қайтди.

Монегасклар Фоларин Балогун билан хайрлашишга яқин тургани сабабли Камарани жамоада сақлаб қолишга қарор қилди. Натижада ҳар икки футболчи ҳам клубда қолди.

Шунга қарамай, январь ойида «Челси» 22 ёшли марказий яримҳимоячи учун яна кураш бошламоқчи. Бироқ бу сафар лондонликларга анча қийин бўлади. Чунки Камарага «Ливерпуль» ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Алексей Батраков («Галатасарой»дан Европанинг топ-клубларидан бирига)

21 ёшли россиялик яримҳимоячи жаҳон трансфер бозорида энг кўп муҳокама қилинаётган футболчилардан бирига айланган.

Хорижий матбуотда Европанинг деярли барча етакчи клублари Батраковга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Улар орасида АПЛ грандларидан тортиб «Барселона» ва «ПСЖ»гача бўлган клублар бор.
Туркияга кўчиб ўтганидан кейин Батраков ҳақиқатан ҳам ажойиб ўйин намойиш этмоқда. Айниқса, Чемпионлар лигасидаги ҳаракатлари эътиборга молик. Ҳисобида мусобақада тўртта гол мавжуд. Бу кўрсаткич Рафи‌нья, Килиан Мбаппе ва Харри Кейнники билан бир хил.

Батраковнинг «Галатасарой» билан шартномасида 55 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган. Бу эса исталган йирик клубга футболчини ушбу сумма эвазига қўлга киритиш имконини беради.

Бироқ «шерлар» яримҳимоячи билан шартномани қайта кўриб чиқиш ва товон пули миқдорини 100 миллион еврога ошириш устида иш бошлаган. Агар томонлар келишувга эришса, футболчининг йиллик маоши 3,25 миллион евродан 5 миллион еврога кўтарилиши мумкин.

Бироқ бу трансферда муҳим бир жиҳат бор: қишда Батраковни исталган Европа клуби сотиб олиши мумкин, аммо у янги жамоаси сафида мавсум охирига қадар майдонга туша олмайди.

Гап шундаки, россиялик футболчи жорий мавсумда аллақачон икки клуб — «Локомотив» ва «Галатасарой» шарафини ҳимоя қилган. ФИФА регламентига кўра, футболчи фақат «баҳор-куз» тизимидаги чемпионатга ўтган тақдирдагина мавсум давомида учинчи жамоа сафида ўйнаши мумкин.

Шу тариқа, шартли равишда «ПСЖ» январь ойида Батраковни сотиб олиши мумкин, бироқ яримҳимоячи мавсум якунига қадар «Галатасарой»да қолишига тўғри келади.

Яна кимлар жамоасини ўзгартириши мумкин?

Қишки трансфер ойнасида «Реал»нинг 20 ёшли ҳужумчиси Эндрик жамоани тарк этиши эҳтимоли юқори. Бироқ Мадрид клуби ёш форвард билан бутунлай хайрлашишни режалаштирмаяпти. Энг эҳтимолий вариант — футболчини ижарага бериш. Унинг учун эҳтимолий манзиллардан бири сифатида «Рома» кўрсатилмоқда.

Шунингдек, «Арсенал» яримҳимоячиси Микель Мерино билан Испаниянинг икки клуби қизиқмоқда. Гап Мадриднинг «Атлетико»си ва Бильбаонинг «Атлетик» клуби ҳақида кетмоқда.

30 ёшли испаниялик футболчининг ўзи ҳам ватанига қайтиш вариантини кўриб чиқишга тайёр. Бунга унинг «Арсенал» асосий таркибидан мунтазам жой олмаётгани сабаб бўлмоқда.

Мерино трансфери тахминан 30 миллион еврога баҳоланмоқда.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг