Иван Бошкович: «Жамоани ўзгартиришни истамасдим»
Бугун Фарғонада 26-турнинг қолдирилган ўйини бўлиб ўтди. Унда «Нефтчи» клуби «Бунёдкор» дарвозасига жавобсиз 4 та гол урди.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Иван Бошкович иштирок этди.
- Ўйин мен кутгандек кечмади. Нима учун? Чунки менимча, дастлабки 15 дақиқадаёқ иккита тезкор гол ўтказиб юборишимиз адолатдан эмасди. Биз бу учрашувга рақиб билан тенгма-тенг курашиш учун тайёрланган эдик. Ўйиндан кейинги ҳисларим шундай… 2:0 ҳисобидан кейин ўйинга қайтиш қийин бўлди. Аммо йигитлар ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимда, менимча, яхши ўйнадик, бироқ ўзимизда бўлган гол уриш имкониятларидан фойдалана олмадик.
Иккинчи бўлимда ҳам гол уриш имконияти пайдо бўлади ва учрашув охиригача ўйинга қайтишга улгурамиз, деб ўйлагандик. Аммо рақиб бизни жазолади. 3:0 ҳисобидан кейин эса, менимча, имкониятларимиз қолмади.
Шунга қарамай, футболчиларимга нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ. Нима учун? Чунки бугун биз руҳан ва характер жиҳатидан мағлуб бўлмадик. Бу эса қувонарли ҳолат. Ўйлайманки, бу бизга қолган учта учрашувда бор кучимизни ишга солиб, ўз очколаримизни қўлга киритиш ва олдимизга қўйилган вазифани бажаришда ёрдам беради.
- Интернетда сиз ҳақингизда турли миш-мишлар тарқалди. Эшитишимизча, «Сўғдиёна»га бош мураббий бўлиши мумкин бўлган номзодлар рўйхатида бор экансиз. Яна у ерга қайтишингиз мумкинми?
- Агар мен «Бунёдкор»нинг бош мураббийи бўлсам, бу ерда мамнуният билан ишлайман. Жамоани ўзгартиришни истамасдим, чунки «Бунёдкор» катта клуб. Жамоамизда жуда малакали футболчилар бор, уларнинг салоҳияти жуда юқори.
Фақат бу йилги масалани ҳал қилишимиз керак. Худо хоҳласа, ҳаммаси изига тушади ва «Бунёдкор» Суперлигада сақланиб қолади. Кейинги мавсумда эса клуб муносиб бўлган ўрнига қайтиши керак. Умуман олганда, ҳатто кейинги йил учун ҳам бошқа сценарий ҳақида ўйлаётганим йўқ», - дея Бошковичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.