Камолиддин Тожиев: «Иккита голдан кейин хотиржамликка берилдик»
«Пахтакор» клуби ўз майдонида «Қўқон-1912»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳсдан кейин мезбонлар устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйинни яхши бошладик. Иккита тезкор гол урдик. Ундан кейин хотиржамликка берилдик ва биринчи бўлим тугади. Ўйин тўлиқ назоратимизда ўтди. Иккинчи бўлимга чиқишда футболчиларга «битта гол ўтказсак, қийналамиз», деб айтгандик. Худди шундай бўлди. Бизни хурсанд қилаётгани — охирида гол уриб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Футболчиларга ўйин учун раҳмат.
- Мавсум давомида «Пахтакор»да вазиятлардан фойдаланишда оқсаш кузатиляпти. Биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни йириклаштириш мумкин эди. Шунингдек, жамоа гол ўтказиб юборса, ўзига келиб олиши учун 10-15 дақиқа керак бўляпти.
- Бугунги ўйинга келсак, кўп вазиятлар яратдик. Иккита голдан кейин хотиржамликка берилдик, яна дарвозага тепмай қўйдик. Дарвозамиздан гол ўтказиб юборилгач, албатта, хавотирга тушамиз. Ўйинга қайтиш қийин бўлади. Шу боис бироз ҳаяжон юзага келади.
- Муҳаммадбобур Каримов ўзига берилган имкониятдан фойдаланяпти. Назарий жиҳатдан чемпионлик учун имконият бўлса-да, ёшлар жамоасидан ўйинчиларга ҳам имконият бериб турилса бўлмайдими?
- Иккита учрашувдан бери Сайдалиевни туширяпмиз. Даврон тушяпти, Дилшодбеков ҳам тушяпти. Охирги ўйинларида ҳаммасига имконият берамиз», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.