Рўзиқул Бердиев: «Мураббий сифатида ҳар иккала жамоа футболчиларидан узр сўрайман»
«Насаф» клуби Суперлиганинг 27-турида Бухорода (1:0) ягона гол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритди.
Ушбу ғалабадан кейин меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.
— Аввало, бугунги ғалаба учун йигитларимга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чунки биз узоқ сафарлардан йўл босиб келдик. Ҳатто, 8 соатлаб аэропортда тўхтаб қолишимизга тўғри келди. Шунга қарамай, футболчилар майдонда жанг қилишди, характер кўрсатишди ва муҳим ғалабага эришдик. Ўйинга келсак, менимча, бундан бошқача ҳам бўлмаслиги керак эди. Узун тўплар, курашлар, стандарт вазиятлар. Кўпроқ шунга урғу берилган ўйин бўлди. Мухлисларни ва барча клуб аъзоларини табриклайман.
— Зафармурод Абдураҳматов майдонга тушмади. Бу чарчоқ билан боғлиқми ёки спорт формасида ўзгариш борми?
— Зафармурод ва Сардор Баҳромов иккаласи бизда йўқотиш эди. Олдинги ўйинда Баҳромовда жароҳати борлиги учун захирага олгандик. Абдураҳматовнинг оёғида енгил жароҳат борлиги учун бугун таваккал қилмадик. Бундан ташқари, Мурод Раҳматов ҳам ўйнамади. Шунга қарамай, йигитлар хоҳиш ва иштиёқ топишди.
— Сиз билан Миржалол Қосимовни Карло Анчелотти ва Хосеп Гвардиолага ўхшатаман. Уларнинг фаолиятида дам олиш ҳолатлари кузатилиб туради. Масалан, сизда ҳам қачондир бир-икки йил дам олиб, фарзандларингиз, набираларингиз даврасида вақт ўтказиш ҳолати юзага келадими?
— Албатта, биз ҳам чарчаймиз. Дам олишни истагандим. Ўтган сафар бу ҳақида гапирдим. Танаффус ёмон бўлмасди. Бу саволга қисқагина айтаман: жамоага қанча керак бўлса, шунча ёрдам бераман.
Яна бир нарсани таъкидлаб ўтишим керак, шахсан ўзим иккала жамоа футболчиларидан узр сўрайман. Бундай майдонда футбол ўйнашга мажбур қилаётганимиз... Бундай майдонни яқин атрофда кўрмагандим. Футболчиларнинг бу майдонга чиқиб ўйнаши ҳам жасорат. Мураббий сифатида иккала жамоа ўйинчиларидан узр сўрайман, бундай майдонда уларни ўйнатишга мажбур қиляпмиз. Бу жуда оғир. Майдон ҳолати яхшиланади, деб ўйлайман», — дея Бердиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.