locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Достонбек Турсунов: \"Хоразм\" мухлислари деярли 1000 километрдан келиб бизни қўллашмоқда\"

Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Достонбек Турсунов: "Хоразм" мухлислари деярли 1000 километрдан келиб бизни қўллашмоқда"
Достонбек Турсунов: "Хоразм" мухлислари деярли 1000 километрдан келиб бизни қўллашмоқда"

Урганчнинг "Хоразм" клуби 15 йиллик танаффусдан сўнг Суперлигага қайтди. Ҳаким Фузайлов бошчилигидаги жамоа 2025 йилги мавсумни кетма-кет иккита ғалаба билан бошлади ва кўпчиликнинг эътиборига тушди. Жамоа марказий ҳимоясида тажрибали Владимир Бубанья билан бирга Достонбек Турсунов тандем ҳосил қилган.

Sports24.uz Турсунов билан ўтган мавсум ҳамда "Хоразм"даги фаолияти ҳақида гаплашдик.

2024 йил бошида Эроннинг "Истиқлол Хузистон" клубига ўтдингиз ва ярим йил ўйнадингиз. Ёзда эркин агентга айланиб, ҳеч қайси клубга ўтмадингиз. Бунинг сабаби нимада?

Тўғри "Истиқлол" сафида ярим йил тўп тепдим. Борганимда клуб охирги ўринда эди ва олдимизга жамоани лигада олиб қолиш вазифаси қўйилди. Шукурки "Истиқлол"ни лигада олиб қолдик ва вазифани бажардик. Эрон чемпионати менга жуда ҳам ёқди, менинг ўйин услубимга мос тушди. Ёзда Эроннинг "Хейбар" ва "Фулад" клубларидан менга қизиқиш пайдо бўлди. Аммо мақсадим янада кучлироқ лигага ўтиш эди. Бироз муддат ўтгач, Латвия клубидан таклиф бўлди, аммо маош борасида келиша олмадим. Кейин Хитойнинг иккита "Шанхай Цзядин" ва "Чунцин Тунлян Лонг" клубларидан таклиф келиб тушди. Афсуски Хитой мамлкатидан виза олиш муаммоси пайдо бўлди. Қизиғи 10 март кунидагина визам чиқди. Бу орада Ўзбекистон чемпионати бошланиб ҳам кетганди.

Нега айнан "Хоразм"ни танладингиз?

Яширмайман қишда Ўзбекистоннинг бошқа клубларидан ҳам таклиф бор эди. Бироқ Хитойга кетишим 95 фоизга аниқ эди, шу боис клубларимизга рад жавобини бергандим. Айтганимдек виза ололмаганимдан кейин Суперлигада трансфер ойнаси ёпилаётгани учун тезкор равишда клуб топишим керак эди. Шу паллада "Хоразм"дан қизиқиш пайдо бўлди. Худога шукур "Хоразм"да майдонга тушишни бошладим ва ўз спорт формамни тиклаб боряпман.

"Хоразм"нинг мавсум учун мақсади қандай?

Биласиз "Хоразм" узоқ йиллардан кейин Суперлигага қайтди ва дастлабки турларда 2 та ғалабага эришди. Шу боис раҳбарият клуб олдига юқори ўринларни эгаллаш вазифасини қўйган. Бунинг учун шароитлар ҳам яратиб берилмоқда.

2018 ва 2019 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнагансиз. Беш йилдан буён терма жамоадан чақирув олмаяпсиз. Сиз учун терма жамоа эшиклари ёпилди деб ўйлайсизми?

Йўқ, менимча терма жамоа эшиклари ёпилди деб ўйламайман. Чунки яқинда Тимур Кападзе ким ўзини кўрсатса терма жамоага чақираман деб интервью берди. Демак, ҳаммада имконият бор. Тез орада миллий терма жамоага қайтаман деб умид қиламан.

Сиз Японияда "Ренофа Ямагучи", Жанубий Кореяда "Пусан ИПарк", Хитойда "Чунцин Тунлян Лонг" ва Эронда "Истиқлол Хузистон" клубларида ўйнагансиз. Энг яхши шароитлар қайси мамлакатда бўлган?

Менга энг кўп ёққани Япония ва Жанубий Кореядаги шароитлар бўлган. Сабаби бу мамлакатлардаги шароитлар Осиёдаги энг яхшилари. Ҳамма нарса профессионал тарзда ташкил этилган.

Ҳаким Фузайлов анча тажрибали ва ёши катта мураббий. У ҳақда қандай фикрдасиз?

Бу мураббий билан биринчи марта ишлашим. Жуда ҳам муомалали инсон экан. Ҳар бир футболчи билан индивидуал гаплашади ва машғулотларда нима талаб қилишини тўғри тушунтира олади.

"Хоразм" клуби Урганчдаги стадионга қайтишга яқин. Хоразмлик мухлислар ҳақида қандай фикрдасиз?

"Хоразм" мухлисларига қойил қолдим. Чунки дастлабки турларни Тошкентда ўтказяпмиз. Шунга қарамай мухлисларимиз деярли 1000 километр масофани босиб ўтиб, стадиондан бизни қўллаб-қувватлашмоқда. Худо хоҳласа, Урганчдаги стадион битганидан кейин барча мухлисларни хурсанд қиламиз деган умиддаман. Насиб қилса "Хоразм" бу йил юқори ўринларни эгаллайди ва барча мухлисларини хурсанд қилади.

Фарҳод Файзиев
Фарҳод Файзиев
Эксперт
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг