locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Луис Качорри: \"Гол – жамоавий меҳнат самараси\"

Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Луис Качорри: "Гол – жамоавий меҳнат самараси"
ФОТО: FC Bunyodkor

1998 йилнинг 24 февраль куни Италиянинг Лацио ҳудудидаги Рончильоне коммуннасида албанияликлар оиласида туғилган Луис Качорри бугунги кунда Ўзбекистон Суперлигасида 4 та гол билан тўпурар бўлиб турибди. Биз тажрибали ҳужумчи билан суҳбатлашдик.

Sports24.uz Луис Качорри билан суҳбат

– Бу йилги мавсум сиз учун ҳам, "Бунёдкор" учун ҳам яхши бошланди. Клубингиз 3 та турда 7 очко тўплади ва мағлуб бўлгани йўқ. Ўзингиз эса 3 та ўйинда рақиблар дарвозасига жами 4 та тўп киритдингиз ва ҳозирда чемпионат тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилмоқдасиз. Суперлигамизда гол уриш осонлашдими?

– Мавсум омадли бошлангани рост. Дастлабки турда кучли таркибга эга бўлган "Нефтчи" билан жанговар дуранг қайд этдик - 2:2. Сўнгра сафарда "Шўртан"ни (2:0) ва ўз майдонимизда "Сурхон"ни мағлуб этдик (3:1). Дастлабки учрашувда икки марта мен йўллаган зарбамдан кейин тўп дарвоза устунларига тегиб қайтди, бироз омадим келмаганди. Шукурки кейинги иккита баҳсда иккитадан гол урдим. Лекин Суперлигада гол уриш осонлашди демаган бўлардим, сабаби бу машғулотлардаги оғир меҳнатнинг самараси ҳисобланади. Бундан ташқари голни мен урганим билан футбол бу жамоавий спорт тури, шерикларим ёрдамисиз мен умуман гол ура олмасдим.

– Сиз ўтган йил ҳам "қалдирғочлар" шарафини ҳимоя қилгансиз. Суперлигадаги 12 та учрашувда майдонга тушиб, атиги 3 та гол ургандингиз. Нега самарадорлик паст эди?

– Тўғри таъкидладингиз, ўтган мавсумда 3 та гол урдим. Бунинг сабаблари бор албатта. Биринчиси, мен Ўзбекистонга энди келгандим ва бу мамлакатга мослашишим керак эди. Ҳозир ўзимни жуда қулай ҳис қилмоқдаман. Иккинчиси, бу мавсум бошқачароқ ўйин услубида ўйнаяпмиз. Менга айнан шу услуб кўпроқ мос келади. Голлар эса айтганимдек жамоавий меҳнат самараси ҳисобланади.

– Илёс Зейтуллаев билан иккинчи йил бирга ишлаяпсиз. У қандай инсон ва қандай мураббий?

– Бош мураббий инсон сифатида барча футболчилар билан ажойиб муносабатда, пайти келса ҳазилкаш, баъзида жиддий. Мураббий сифатида эса жуда ҳам меҳнаткаш ва ўз ишига профессионал муносабатда бўлади.

– "Бунёдкор" бу мавсум чемпион бўла оладими? Қайси клублар чемпион бўлиши мумкин деб ўйлайсиз?

– Тўғриси тахмин қилишни ёқтирмайман. Мавсум эндигина бошланди, атиги 3 та тур ортда қолди холос. Суперлигада жамоалар сони оширилгани учун энди 26 эмас 30 та тур ўтказамиз. Демак, олдинда 27 та тур бор. Бир нарсани аниқ айта оламан: "Бунёдкор" ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун ўйнайди.

– Бу йил камида нечта гол ура оламан деб ўйлайсиз?

– Мен ҳужумчи сифатида ҳар бир баҳсда гол уришга интиламан, уёғи яратгандан. Асосийси мен қанча гол уришим эмас, жамоанинг ғалабаси. Агар жароҳатлар мени четлаб ўтса, умид қиламанки, кўп гол ураман.

– Жаҳонда қайси ҳужумчининг ўйинлари сизга кўпроқ ёқади?

– Англия терма жамоаси ҳужумчиси Харри Кейннинг ўйинлари ва ҳаракатларини кузатаман. Унинг даражаси жуда ҳам юқори.

Sports24.uz Качори билан Ўзбекистон Суперлигасининг 4-тур «Бухоро» ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги ўйиндан олдин суҳбатлашди. “Бунёдкор” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Луис эса майдонда барча 90 дақиқа ҳаракат қилди.

Кун аввал таҳририятимиз ФК “Бухоро” ҳужумчиси Шоҳруз Норхонов билан ҳам интервью қилган эди.

Фарҳод Файзиев
Фарҳод Файзиев
Эксперт
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг