locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Роналду: «Бу осон қарор бўлмади»

Португалиялик ҳужумчи 23 йиллик халқаро фаолиятини якунлаш қарори ҳақида батафсил фикр билдирди.
Футбол
Роналду: «Бу осон қарор бўлмади»
photo: gettyimages

Саудия Арабистонининг «Ан Наср» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду Португалия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаш қарори осон бўлмаганини тан олди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган видеода бу йўлни 2003 йил августида бошлаганини ва энди эстафетани ёш авлодга топшириш вақти келганини айтди.

«Португалия халқига мурожаат қилмоқчиман. 7-рақамли либос ва миллий жамоа сардорлик боғичини қайтариш вақти келди. Улар фақат менга тегишли бўлмаган, балки барчамизга тегишли эди. 23 йил давомида ушбу либосни кийиш, уни ҳимоя қилиш ва дунёнинг турли стадионларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш мен учун катта шараф ва масъулият бўлди. Бугун эстафетани келажак авлодларга топшириш вақти келди.

Бу осон қарор бўлмади. Чунки айрим масалаларни фақат ақл билан ҳал қилиб бўлмайди — бунда юрак ҳам ўз сўзини айтади. Мен ҳаётимни бутунлай ўзгартирган йўлни якунлаяпман. Ортга назар ташласам, фақат баҳслар, голлар, рекордлар ёки совринларни эмас, балки инсонларни кўраман. Футбол — шунчаки ўйиндан анча каттароқ ҳодиса. Футбол — бу инсонлар», — деди Роналду.

Ҳужумчи миллий жамоа сафида доимо ўз имкониятлари чегарасидан чиқишга, ғалаба қозонишга ва тарихда қолишга интилганини таъкидлади. У фаолияти давомида унутилмас ғалабалар билан бирга, ҳануз оғриқ билан эслайдиган мағлубиятларни ҳам бошдан кечирганини айтди. Шунга қарамай, Португалия шарафини ҳимоя қилгани билан фахрланишдан ҳеч қачон тўхтамаган.

Роналду учун энг муҳим нарса мухлислар қалбида қолдирган изидир. Унинг фикрича, голлар унутилиши, совринлар музейлардан жой олиши ва рекордлар янгиланиши мумкин, аммо инсонлар қалбида қолган туйғуларни вақт ўчира олмайди.

«Агар ҳеч бўлмаганда бир марта сизни хурсанд қилган бўлсам, голим туфайли кимнидир қучоқлаган, ташвишларингизни унутган ёки мамлакатингиз билан фахрланган бўлсангиз, демак, буларнинг барчаси бекорга бўлмаган», — дея қўшимча қилди футболчи.

У Португалияга янги орзулар билан яшайдиган, таслим бўлмайдиган ва ҳали ҳеч ким эриша олмаган чўққиларни забт этишга ишонадиган ёш футболчилар кераклигини ҳам таъкидлади.

Маълумот учун, Роналду Португалия миллий жамоасидаги дебютини 2003 йил 20 август куни Қозоғистонга қарши баҳсда ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, 41 ёшли ҳужумчи миллий жамоа сафида 234 та баҳсда майдонга тушиб, 146 та гол урган. У Португалия билан 2016 йилги Европа чемпионати ва икки бор Миллатлар лигасида ғолиб чиққан.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг