Камолиддин Тожиев: «Дарвозада Эргашев бўлмаганида ҳисоб йирикроқ бўлиши мумкин эди»
«Пахтакор» клуби Урганчда «Хоразм»га қарши беллашувда қийин ўйин ўтказди ва шунга яраша ғалабага ҳам қийинчилик билан эришди. Охирги дақиқаларда урилган ягона гол меҳмонларга қимматли уч очкони келтирди.
Баҳсдан кейин «Пахтакор» устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида қатнашди.
- Ўйинга келадиган бўлсак, яхши, қизиқарли, ҳужумкор учрашув бўлди. Кўп вазиятлар яратилди. Биз анча йўл юрдик. Ҳар 3 кунда ўйнаяпмиз. Футболчиларда бироз толиқиш бор. Шунга қарамасдан борини бериб охиригача курашишяпти. Ўйинчиларга катта раҳмат. Бугун яхши ўйин кўрсатишди.
- Рақиб посбони Умиджон Эргашев ҳақида нима дея оласиз?
- 4 та 100 фоизли вазиятни олиб чиқди. Бу дарвозабон бўлмаганида ҳисоб каттароқ бўлиши ҳам мумкин эди. Яхши ўйин кўрсатди. «Хоразм» жамоаси ҳам ажойиб ўйнади. Улар ёпилиб футбол ўйнашмайди, яхши ўйин кўрсатишади. Биз ҳам яхши тайёргарлик кўргандик.
- «Пахтакор» чемпионлик учун охиригача курашадими?
- Албатта. Ҳар ўйинда ғалаба қозониб, бу ёғи Худодан», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.