locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Даврон Файзиев: \"Довбик ва Шомуродов бир-бирига яқин даражадаги ҳужумчилар\"

Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Даврон Файзиев: "Довбик ва Шомуродов бир-бирига яқин даражадаги ҳужумчилар"
ФОТО: Getty Images

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси медиа департаменти раҳбари, таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев Sports24.uz сайти билан суҳбатда терма жамоа легионерлари ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Июнь ойидаги иккита муҳим баҳслар арафасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари ҳақида қандай фикрдасиз? Масалан, Шомуродов, Машарипов ва Ўрунов.

Ҳозир барчаси яхши формада. Шомуродов Италия А Сериясида ҳар қачонгидан кўра сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. Ўрунов жароҳатидан қутулди ва гол уришни бошлаб юборди, Машарипов яхши формада.

Лекин Ҳусанов ва Ашурматов каби ҳимоячиларимиз кам ўйин амалиётига эга бўлишмоқда...

Тўғри бу озгина ҳавотирга солади. Сабаби қанчалик зўр машғулот қилманг ўйиннинг ўрнини боса олмайди. Лекин шу билан бирга Абдуқодир Ҳусанов ҳам, Рустам Ашурматов ҳам юқори даражадаги мураббийлар қўл остида ишлашмоқда. Яъни амалиёт нуқтаи назаридан пасайиш кузатилиши мумкиндир, аммо тажриба, замонавий футбол услублари ва кучли рақобат маъносида уларда ўсиш бўлади.

Файзуллаев ҳам ЦСКА сафида ўтган йилгидек кўп ўйнаётгани йўқ...

Аббос Ўзбекистон миллий терма жамоасининг олдинги йиғинида Қирғизистон ва Эронга қарши ўйинлардан аввал ҳам шундай ҳолатда эди, яъни клубида асосан захирадан майдонга тушаётганди. Аммо термага келгач умуман бошқа режимга тушди ва ўзингиз кўрдингиз ўша ўйинларда энг яхшиларидан бири бўлди. Легионерларимиз формада бўлишса, жисмоний муаммо ёки жароҳат бўлмаса, ёндашув ва хоҳиш эвазига ўйин амалиёти йўқлигини ёпиб кетади.

ФОТО: Даврон Файзиев

Тасаввур қилайлик, Шомуродов ва Довбик мавсум бошидан тандемда майдонга тушишганида ким кўпроқ гол урарди деб ўйлайсиз?

Тан олиш керак Артём Довбик Европанинг кучли ҳужумчиларидан бири. Ўтган мавсум "Жирона" таркибида Ла Лига тўпурарларидан бири бўлди. Бу мавсум "Рома"нинг муваффақиятларига ҳисса қўшмоқда. Менимча Шомуродов ва Довбик бир-бирига яқин даражадаги ҳужумчилар. Артём энг зўр якунловчи, Элдорнинг устунлиги эса орқароқдан ҳужумни бошлаш ва уни якунлаш, қанотларда бирдек ўйнай олишида. Раньери айнан шу жиҳатларидан тўғри фойдаланмоқда. Мураббий ўйинга таъсир қилиш керак бўлган вазиятларда Шомуродовни майдонга туширмоқда, чунки у ўша ҳолатга энг мослашувчан футболчи.

Ўткир Юсупов Эрон чемпионатига ўтгач, унинг ўйинида ўсишни сездингизми?

Менимча фақат мен эмас Юсуповнинг ўйинида ўсишни ҳамма сезди. Бу терма жамоа ўйинларига ижобий таъсир ўтказмоқда, Ўткир кўп учрашувларда пенальтиларни қайтарди, сэйвлар намойиш этди. Кучли ҳисобланган Эрон чемпионатида доимий равишда асосий таркибда ўйнамоқда. Осиёнинг барқароқ дарвозвбонларидан бири ва ўйлайманки айни пайтда у Ўзбекистоннинг биринчи рақамли посбони. Бошқа мамлакат лигасида ҳам буни қайсидир маънода исботламоқда.

Фарҳод Файзиев
Фарҳод Файзиев
Эксперт
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг