locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Моретто: «Милан» ҳужумчиси Камарда хориж клубига ижарага кетиши мумкин

Журналистлар Фабрицио Романо ва Маттео Моретто вазият юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Футбол
  Моретто: «Милан» ҳужумчиси Камарда хориж клубига ижарага кетиши мумкин
photo: gettyimages

«Милан» ҳужумчиси Франческо Камарда январь ойида ижара асосида жамоани тарк этиши кутилмоқда. 2008 йилда таваллуд топган футболчи учун жорий мавсумнинг биринчи ярми анча омадсиз кечди. Энди ёш ҳужумчи фаолиятини Италияда давом эттирадими ёки хорижга йўл оладими, деган савол юзага келган.

Журналистлар Фабрицио Романо ва Маттео Моретто вазият юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Вазият кескин ўзгармаса, Камарда январь ойида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун ижара асосида бошқа клубга ўтади. Мавсум бошидан буён унга етарлича имконият берилмади. Камарда ривожланиши учун кўпроқ ўйнаши керак. Айни пайтда у Италия U-21 миллий жамоаси сафида ҳам гол уришга улгурди. Унда салоҳият борлиги кўриниб турибди.

Унинг «Женоа»га ўтиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилди, бироқ ҳозирча бу вариант жиддий кўринмаяпти. Январь ойида Камарда учун курашадиган клублар кўп бўлади», — деди Маттео Моретто.

Журналистнинг таъкидлашича, бир қатор клублар аллақачон ёш ҳужумчининг трансфери бўйича ҳаракатларни бошлаган. Якуний қарор футболчининг ўзи ва «Милан» билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

«Биз бу ҳақда анчадан бери гапириб келмоқдамиз: «Милан» январь ойида янги ҳужумчи билан шартнома имзаламоқчи. Бу режа ўз кучида қолмоқда. Шу сабабли Камарда бошқа жамоада мунтазам ўйнаш имкониятини излаши табиий.

Унинг хориж клубига ижарага берилишини ҳам истисно қилмаган бўлардим. Энг муҳими, футболчига мунтазам ўйин амалиёти, муҳим роль ва ўзини кўрсатиш учун етарлича имконият берадиган лойиҳа топилиши керак. Камарда жуда иштиёқли, ўзини исботлашни ва гол уришни хоҳлайди. Ҳозирги вазиятда эса «Женоа» варианти бизга унчалик ишончли кўринмаяпти», — дея қўшимча қилди Моретто.

Шундай қилиб, 18 ёшли ҳужумчининг январь ойидаги тақдири «Милан»нинг трансфер режаларига ҳам боғлиқ бўлади. Камарда учун асосий мақсад — мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш ва профессионал футболчи сифатида ривожланишда давом этиш.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг