Фабио Каннаваро: «Афсуски, 2:0 ҳисобида олдинда бораётган вақтимизда тўхтаб қолдик»
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Россияга қарши ўртоқлик баҳсидан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Жаҳон чемпионатида миллий жамоа сардори сифатида майдонга тушиши қийинми ёки бошқа бир жамоа устози сифатида иштирок этишми?
- Албатта, бош мураббий сифатида жамоани майдонга олиб тушиш қийинроқ. Чунки ҳамма нарса сизга боғлиқ эмас. Барчаси жамоа ва футболчиларга боғлиқ бўлади. Агарда ўйинчи сифатида ҳаракат қилсангиз, ўйин тақдирини ҳал қилиш сизнинг қўлингизда бўлади. Индивидуал ҳаракатлар кўп нарсани белгилаб беради.
- Икки ҳимоячи билан ўйнаш ғоясидан кечиш вақти келмадими? Бугун ҳам ҳимояда хатолар кузатилди…
- Агарда жамоа юқори прессинг орқали ўйин намойиш этса, марказий ҳимоячилар билан ҳам шу тарзда ҳаракат қилишга тўғри келади. Акс ҳолда ўйинчилар орасида масофада очилиш пайдо бўлади. Ҳимоядаги асосий хатойимиз асосан стандарт вазиятларда жарима майдончасида содир бўлмоқда. Умуман олганда яхши ўйин ўтказдик. 2:0 ҳисобида олдинда бораётганимизда темпни бироз туширдик. Ҳакам ўйин якунланганини билдирувчи ҳуштагини чалмагунча футбол ўйнаш керак. Ҳозир йигитларга шуни таъкидладим. Футбол шунақа шафқатсиз. Яхши ўйин билан ҳам мағлубиятга учраш мумкин.
- Расмий ўйинларда аввалги схема 3-4-3га ўтсак бўладими?
- Албатта, сўнгги 10 дақиқада 3 та ҳимоячи билан ўйнаш мумкин. Аммо муаммо тизим ёки системада эмас. Бу ерда бизга тажриба етишмади ва баҳсни назорат қила олмадик. Узун пасларда кўп хато қилдик. Оддий узатмаларда ҳам камчиликлар кузатилди. Тўпсиз кўпроқ югуришга тўғри келди. Бу эса кўп энергия сарфлашга олиб келади. Биринчи бўлимда ҳам кўп тўпларни йўқотдик. Мана шундай кучли жамоаларга қарши баҳсда сиз аввало шахсиятингизни кўрсатишингиз керак. Яъни, қўрқмасдан футбол намойиш этишингиз шарт. Яна айтаман, бизда ҳали яхшилаш зарур бўлган кўп жиҳатлар бор. Ҳали буни таҳлил қиламиз. Керак бўлса, кейинчалик 3 та марказий ҳимоячи билан ҳам майдонга чиқармиз. Яна айтаман, бизнинг энг катта хатойимиз ҳисоб 2:0 бўлиб турган вақтида тўхтаб қолгани.
- Бу баҳсда қайси жиҳатларни ижобий баҳолайсиз? Кейинги ўйинда жамоада нималарни ўзгартиришга эътибор қаратасиз?
- Бу баҳсни ҳали яна бир маротаба кўриб чиқаман. Шундан кейин ўзимга керакли хулосани оламан. Биз кучли жамоага қарши яхши ўйнадик. Аммо шундай рақибга қарши баҳсларда ҳар бир вазиятдан унумли фойдаланишимиз талаб этилади. Аввал айтганимдек, Жанубий Кореяга қарши чиройли ўйнаб, 2:0 ҳисобида ютқазишингиз мумкин. Ёки бугунгидек 2:0 ҳисобида ютиб туриб, охирида имкониятни бой бериш ҳам мумкин. Демоқчиманки, футбол – фақат чиройли ўйиндан иборат эмас. Ҳамма нарсага тайёр бўлишингиз талаб этилади.