locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Уэйн Руни ҳаётидаги энг оғир давр ҳақида гапирди: «Ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганман»

Руни 2020 йилда, фаолиятининг сўнгги босқичини «Дерби Каунти» сафида ўтказганидан кейин профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган.
Футбол
Уэйн Руни ҳаётидаги энг оғир давр ҳақида гапирди: «Ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганман»
photo: gettyimages

«Манчестер Юнайтед» ва Англия миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси Уэйн Руни футболчилик фаолияти давомида руҳий жиҳатдан жуда оғир даврни бошдан кечирганини тан олди. У ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганини, бу пайтда алкоголга қарамлик билан ҳам курашганини маълум қилди.

41 ёшли Руни Габби Логан билан «Life at the Halfway Point» подкастида иштирок этиб, ҳаётидаги мураккаб давр ҳақида очиқ гапирди. Собиқ футболчи ўғли Кей туғилганидан кейинги даврда майдондан ташқаридаги муаммоларни енгиб ўта олмаганини эслади.

Руни ўша пайтда оғир руҳий ҳолатда эканини англаган, бироқ ўғлининг уни бундай аҳволда кўришини истамаган. Шу сабабли у атрофидаги инсонлардан узоқлашиб, ўзини ёлғизликка маҳкум қилган. Вақт ўтиши билан эса ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикрлар ҳам пайдо бўлган.

«Орқага қараб, ўша пайтда худбинлик қилганман, деб айтишим мумкин. Аммо жуда оғир даврни бошдан кечираётганимни билардим. Кейнинг мени бундай ҳолатда кўришини истамаганим учун одамлардан узоқлашдим», — деди Руни.

У сўзида давом этди:

«Ҳатто ўз жонимга қасд қилиш ҳақида ҳам ўйлай бошлагандим. Ҳеч кимни кўришни, кўчада танишларим билан учрашишни ёки дўконларга киришни истамасдим. Фақат футбол майдонида ўзимни яхши ҳис қилардим, қолган барча масалаларда эса жиддий муаммоларга дуч келаётгандим».

Руни бу фикрлари орқали футбол майдонидаги муваффақиятлар ортида яширинган шахсий курашлари ҳақида сўзлаб берди. Ўша даврда у Англия футболининг энг машҳур юлдузларидан бири бўлиб, «Манчестер Юнайтед» сафида катта муваффақиятларга эришаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Уэйн Руни «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. У клуб сафида 559 та учрашувда майдонга тушиб, 253 та гол урган. Шунингдек, жамоа билан беш марта Англия Премьер-лигасида ғолиб чиққан ва 2008 йилда Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритган.

Руни 2020 йилда, фаолиятининг сўнгги босқичини «Дерби Каунти» сафида ўтказганидан кейин профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг