locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Аргентинада можаро: Месси ўз обрўсига путур етишининг олдини олмоқчи

Лионель Месси Аргентина футбол ассоциацияси атрофида юзага келган можаро ва шубҳали молиявий операциялардан ўзини четга олишга қарор қилганга ўхшайди
Футбол
Аргентинада можаро: Месси ўз обрўсига путур етишининг олдини олмоқчи
photo: gettyimages

Лионель Месси Аргентина футбол ассоциацияси атрофида юзага келган можаро ва шубҳали молиявий операциялардан ўзини четга олишга қарор қилганга ўхшайди. Ассоциация президенти Клаудио «Чики» Тапиа билан муносабатлари кескинлашган аргентиналик футболчи йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келган ташкилот билан боғлиқ можаролар унинг обрўсига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.

Аргентинанинг нуфузли «Clarín» нашри журналист Николас Виназкининг мақоласида Месси ва Аргентина футбол ассоциациясининг амалдаги раҳбарияти ўртасидаги шахсий ҳамда тижорий муносабатлар издан чиққани ҳақида хабар берди. Миллий жамоа сардори ташкилот атрофидаги можаро ва шубҳалар фонида ўз номи ҳамда обрўсини ҳимоя қилишга интилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, келишмовчиликлар шахсий муносабатлар доирасидан чиқиб кетган ва яқин ҳафталарда ҳуқуқий жараёнга айланиши мумкин. Месси ўз номи, суратлари ва реклама материалларидан тижорий мақсадларда фойдаланишни тўхтатиш бўйича расмий ҳуқуқий ҳужжат тайёрлаш учун мутахассисларга мурожаат қилган.

Молиявий шубҳалар муносабатларни кескинлаштирди

Можаронинг асосий сабаби Аргентина футбол ассоциацияси маблағларини бошқариш билан боғлиқ шубҳалар экани айтилмоқда. Хусусан, ташкилот президенти Клаудио Тапиа ва хазиначиси Пабло Товиггинонинг фаолияти диққат марказида турибди.

Тарқалган маълумотларга кўра, Аргентина клубларига йўналтирилиши керак бўлган катта миқдордаги маблағларнинг якуний манзилини яшириш мақсадида хорижда бир нечта компаниялар ташкил этилган бўлиши мумкин.

Мессининг оиласига яқин манбалар «Clarín» нашрига футболчи ўз номининг ушбу шубҳалар билан боғланишини истамаслигини билдирган. Месси кўп йиллар давомида нафақат майдондаги ютуқлари, балки майдон ташқарисидаги хулқ-атвори ва шахсий имижи орқали ҳам халқаро миқёсда юксак обрў қозонган.

Нашр қайд этишича, бу инқироз бирданига юзага келмаган. Аргентина футбол ассоциацияси раҳбариятининг Месси оиласи билан келишмасдан қабул қилган айрим қарорлари аввал ҳам халқаро ҳомийлар билан тижорий келишмовчиликларга сабаб бўлган.

Энг катта муаммолардан бири сўнгги Жаҳон чемпионати вақтида юзага келган. Ўшанда Тапиа ассоциация ҳомийси бўлган аргентиналик брендга Месси иштирокидаги йирик реклама кампаниясини амалга оширишга рухсат берган. Ваҳоланки, футболчининг бошқа бир Америка бренди билан реклама шартномаси мавжуд эди.

Натижада Месси оиласи халқаро ҳомийларга унинг сурати нега рақобатчи бренд рекламасида пайдо бўлганини тушунтиришга мажбур бўлган.

Месси ўз номидан тижорий фойдаланишни тақиқламоқчи

«Clarín» хабарига кўра, Месси мутахассисларга ҳуқуқий ҳужжат тайёрлашни топширган. Ушбу ҳужжат Аргентина футбол ассоциациясига расмий талаб сифатида юборилиши мумкин. Унда Тапиа ва бошқа мансабдор шахслардан футболчининг исми, суратлари ҳамда аудиовизуал материалларидан ҳар қандай тижорий ёки реклама фаолиятида фойдаланишни зудлик билан тўхтатиш талаб қилинади.

Ҳужжат қачон юборилиши борасида манбалар фикри турлича. Айримлари у аллақачон ассоциацияга етиб борганини айтса, бошқалари тайёрланганини ва юборишга шай ҳолатда эканини билдирмоқда.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бундай ҳужжатнинг тайёрланаётгани Месси ва ассоциациянинг амалдаги раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар қанчалик кескинлашганини кўрсатади. Ҳолбуки, улар узоқ йиллар давомида яқин ҳамкор бўлиб келган.

Мессининг хайрлашув учрашуви ҳам можаро соясида қолди

Аргентина миллий жамоасининг Бенин билан ўтказган хайрлашув учрашуви ҳам ушбу келишмовчиликлардан четда қолмади. Монументал стадионида ташкил этилган баҳс ташкилий камчиликлар ва юзага келган таранг муҳит сабаб танқидларга учради.

Нашрнинг ёзишича, Аргентина футбол ассоциацияси миллий жамоа сардорининг хайрлашув учрашувини муносиб даражада ташкил эта олмаган. Овоз тизими, ёритиш ва томошабинлар учун тайёрланган шоу дастурларида муаммолар кузатилган. Ҳатто дронлар ёрдамида намойиш этилган тасвирда Месси тўпга ўнг оёғи билан зарба бераётгани акс этган. Ҳолбуки, аргентиналик футболчи чап оёқда ўйнайди.

Ассоциация ташкилий камчиликларнинг айримлари учун «Ривер Плейт»ни айблашга уринганида, клуб вакиллари бу даъволарни рад этган. Шу билан бирга, Месси клуб президенти Стефано Ди Карло билан учрашиб, фахрий аъзоликни қабул қилган. Шунингдек, футболчи ўзининг Аргентина миллий жамоасидаги сўнгги футболкасини клуб музейига топширган.

Ҳозирча Месси ҳам, Клаудио Тапиа ҳам юзага келган вазият юзасидан расман изоҳ бермади. Бироқ «Clarín» нашрининг маълумотлари узоқ йиллар давомида давом этган ҳамкорлик жиддий инқирозга юз тутганини кўрсатмоқда. Месси эса ассоциация атрофидаги можаролар унинг номи ва обрўсига зарар етказишига йўл қўймасликка қатъий бел боғлаган.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг