locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Луи Саха: «Манчестер Юнайтед» ортга кетди, ёш ҳужумчиларга таяниш эса катта хато»

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси Луи Саха клубнинг сўнгги йиллардаги трансфер сиёсатини танқид қилди.
Футбол
Луи Саха: «Манчестер Юнайтед» ортга кетди, ёш ҳужумчиларга таяниш эса катта хато»
photo: gettyimages

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси Луи Саха клубнинг сўнгги йиллардаги трансфер сиёсатини танқид қилди. Унинг фикрича, жамоа таркиби кучайиш ўрнига заифлашган, тажрибасиз ҳужумчиларга асосий масъулиятни юклаш эса жиддий хатодир.

Англия Премьер-лигасида икки марта ғолиб чиққан собиқ футболчи «Манчестер Юнайтед»нинг ҳозирги ҳолатига кескин баҳо берди. Ундан Жейсон Уилкок бошчилигидаги раҳбарият ва INEOS томонидан йўлга қўйилган трансфер сиёсати кутилган натижани бераётган-бермаётгани сўралди.

«Йўқ, мутлақо ундай эмас. Бу жуда аниқ. Буни тушуниш учун футболни чуқур билиш ҳам шарт эмас. Ҳатто футболни кўп кузатмайдиган турмуш ўртоғим ҳам ўйинларни кўриб, вазиятга оддий баҳо бера олади», — деди Саха.

«Жамоа кучаймади, аксинча, заифлашган бўлиши мумкин»

Пайшанба куни «Манчестер Юнайтед» Майкл Керрик билан хайрлашди. Унинг ўрнини АҚШ миллий жамоасининг амалдаги бош мураббийи Маурисио Почеттино эгаллади.

Бироқ Саха клубдаги муаммолар фақат мураббий билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади. У Каземиро каби тажрибали футболчиларнинг ўрни тўлдирилмаганини жамоанинг асосий камчиликларидан бири сифатида кўрсатди. Собиқ ҳужумчининг фикрича, ҳозирги яримҳимояда юқори савиядаги ўйинларни назорат қилиш учун зарур жисмоний куч ва тажриба етишмаяпти.

«Жамоа кучаймагани аниқ. Ҳатто вазият аввалгидан ёмонлашган бўлиши ҳам мумкин. Каземиро жамоа учун муҳим футболчи эди. У керакли пайтда тажрибаси ва тажовузкорлиги билан ёрдам бера оларди. Менимча, бизга жисмоний куч етишмаяпти», — дея Саханинг сўзларини келтиради FootballPredictions.com.

Собиқ футболчи «Манчестер Юнайтед»нинг ҳужум чизиғидаги трансфер сиёсатидан ҳам хавотир билдирди. Унинг фикрича, клуб ёш ва тажрибасиз хорижлик футболчиларга асосий ҳужумчи вазифасини юклаш орқали уларга ортиқча босим ўтказмоқда.

«Бошқа жамоаларга ҳурматсизлик қилмаган ҳолда айтишим мумкинки, бу ўзгача клуб. «Манчестер Юнайтед» Чемпионлар лигасида ўйнайдиган жамоа. Менимча, бундай клубнинг асосий ҳужумчиси ёш бўлмаслиги керак. Бу менга мантиқсиз туюлади.

Айниқса, бошқа мамлакатдан келган футболчилар учун босим жуда катта. Жамоада муаммони ҳал қилиши кутилаётган, аммо етарли тажрибага эга бўлмаган футболчилар кўпайиб кетди. Менимча, бу катта хато. Ҳақиқатан ҳам катта хато», — деди франциялик собиқ ҳужумчи.

Сэр Алекс Фергюсон даврини, Уэйн Руни, Руд ван Нистелрой ва Криштиану Роналду каби ҳужумчилар билан бирга ўйнаган пайтларини эслаган 48 ёшли Саха ҳозирги жамоада сермаҳсул ҳужумчилар камлигидан ҳайратда эканини билдирди.

«Ўтмишни яна эслашни истамайман, аммо авваллари бир мавсумда 20 тадан гол урадиган тўрт-беш нафар ҳужумчимиз бор эди. Ҳозир эса бундай футболчилар бир ёки икки нафар, холос. Буни тушунмаяпман», — дея хулоса қилди Саха.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг