Торрес: «Ливерпул»ни тарк этганимдан афсусланмайман»
«Ливерпуль»нинг собиқ ҳужумчиси Фернандо Торрес 2011 йилда «Челси»га ўтиши ва бу қарорининг мерсисайдликлар мухлисларига таъсири ҳақида гапирди.
«Мен “Ливерпуль”ни тарк этганимдан афсусланмайман, чунки ўша пайтда ўзим тўғри деб ҳисоблаган қарорни қабул қилганман. Аммо ҳаммасини тўғри тушунтириш, янги эгалар билан суҳбатлашиш ва бир-биримизни яхшироқ таниб олиш учун етарли вақт бўлмаганидан афсусдаман. Шунингдек, “Ливерпуль” мухлисларига озор берганимдан ҳам пушаймонман.
Ўша вақтда мен учун энг муҳими совринларни қўлга киритиш эди. Аммо ёш ўтгани сари бу ҳаётдаги энг муҳим нарса эмаслигини тушунасан. Одамлар билан ўрнатилган муносабатлар анча муҳимроқ. Бахтли бўлиш ва ўзингни бир жамоанинг ажралмас қисми сифатида ҳис қилиш — аслида энг муҳими шу», — деди Торрес The Athletic нашрига берган интервьюсида.
Испаниялик футболчи 2007 йилдан 2011 йилгача «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилган. 2011 йил январь ойида эса «Челси» сафига кўчиб ўтган.