Роналдунинг 982-голи баҳс-мунозараларга сабаб бўлди
Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду “Ал-Файсалий”га қарши учрашувда киритилган гол муаллифлиги юзасидан баҳс марказида қолди. Португалиялик юлдузнинг зарбаси рақиб ҳимоячисига тегиб, дарвозадан жой олди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, учрашувнинг 49-дақиқасида Жоау Феликснинг жарима зарбасидан узатган тўпини Роналду боши билан йўналтирган. Бироқ тўп “Ал-Файсалий” ҳимоячиси Андрей Жироттога тегиб, дарвозага кирган. Мазкур вазият гол муаллифлиги юзасидан турли талқинларни келтириб чиқарган.
Саудия Арабистони Про-лигаси расмий статистикасида гол Роналду ҳисобига ёзилган. Бироқ Opta статистик хизмати вазиятни таҳлил қилиб, уни Жироттонинг автоголи сифатида баҳолаган. Шу тариқа португалиялик ҳужумчининг фаолиятидаги голлари сони бўйича статистик манбалар ўртасида тафовут юзага келган.
Маълумот учун, “Ан-Наср” мазкур учрашувда “Ал-Файсалий”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Саудия лигаси ҳисоб-китобига кўра, Роналду фаолиятидаги 982-голини қайд этган ва 1000 та гол маррасига етиши учун яна 18 та гол керак.