Рафаэль Надаль «Реал Мадрид» раҳбариятига қўшилмоқда
Теннис афсонаси Рафаэль Надаль фаолиятида янги саҳифа очмоқда. «Реал Мадрид» клуби 22 карра «Катта дубулға» турнирлари ғолибини директорлар кенгаши аъзолигига тайинлашга қарор қилди. Бу ҳақда «Реал Мадрид» клубининг расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, 4 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Надалнинг клуб раҳбариятига қўшилиши маъқулланган. Бироқ ушбу қарор 21 ноябрь куни ўтказиладиган клуб аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланиши керак. Шундан сўнг испаниялик собиқ теннисчи Флорентино Перес бошчилигидаги раҳбарият таркибидан расман жой олиши мумкин.
Надалнинг ўзи ҳам ушбу таклифни катта мамнуният билан қабул қилганини билдирди. «Флорентино Перес ва клуб раҳбариятига менга билдирган ишончи учун миннатдорчилик билдираман. Бу таклифни катта иштиёқ билан қабул қилдим. Янги нарсаларни ўрганиш ва клубга қўлимдан келганича фойда келтиришни истайман», — дея таъкидлади Надаль.
Маълумот учун, 40 ёшли Рафаэль Надаль фаолияти давомида 22 та «Катта дубулға» турнирида ғолиб чиққан, 92 та яккалик соврини, 2 та Олимпиада олтин медали ва 5 та Дэвис кубогини қўлга киритган. У 2024 йил ноябрь ойида профессионал фаолиятини якунлаган. Надаль узоқ йиллардан буён «Реал Мадрид» мухлиси ва клубнинг фахрий аъзоси ҳисобланади.