ПСЖ Ламин Ямал учун футбол тарихидаги энг қиммат трансферни амалга оширмоқчи
Франциянинг "Пари Сен-Жермен" клуби "Барселона"нинг испаниялик юлдузи Ламин Ямални ўз сафига қўшиб олиш учун рекорд миқдорда маблағ сарфлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Sport.ua нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Париж клуби раҳбарияти ёш футболчининг трансфери учун тахминан 230 миллион евро таклиф қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. "ПСЖ" президенти Носир Ал-Хелайфий ҳам ушбу трансфердан шахсан манфаатдор экани айтилмоқда. Франция клуби Ямални жамоанинг келажакдаги асосий юлдузи сифатида кўрмоқда.
Агар мазкур трансфер амалга ошса, Ламин Ямал футбол тарихидаги энг қиммат футболчига айланади. Бироқ "Барселона" тарбияланувчисини қўлга киритиш парижликлар учун осон кечмаслиги мумкин. Ҳозирча клублар ўртасида расмий музокаралар бошлангани ёки футболчига аниқ таклиф юборилгани тасдиқланмаган.
Маълумот учун, футбол тарихидаги энг қиммат трансфер 2017 йилда амалга оширилган. Ўшанда "ПСЖ" бразилиялик ҳужумчи Неймарни "Барселона"дан сотиб олиш учун 222 миллион евро тўлаган эди.