Месси ва Роналду яна нуфузли индивидуал совринларга даъвогарлик қилмоқда
Жаҳон футболининг икки афсонаси Лионел Месси ва Криштиану Роналду 2026-йилнинг энг яхши футболчиларини аниқлаш мақсадида ташкил этиладиган Globe Soccer Awards мукофотига номзодлар қаторидан ўрин олди. Бу ҳақда Gulf News нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, йилнинг энг яхши футболчиси соврини учун Лионел Месси, Килиан Мбаппе, Ламин Ямал, Эрлинг Ҳоланд, Гарри Кейн ва амалдаги соврин соҳиби Усмон Дембеле каби юлдузлар кураш олиб боради. Криштиану Роналду эса Яқин Шарқнинг энг яхши футболчиси номинациясида кетма-кет тўртинчи бор ғолиб чиқишга даъвогарлик қилмоқда.
Мукофот ғолибларини аниқлашда футбол мухлислари ҳам иштирок этади. Овоз беришнинг дастлабки босқичи 30-ноябрга қадар давом этади. Кейинги босқичда мухлисларнинг овозлари махсус ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган овозлар билан бирлаштирилади.
Маълумот учун, Globe Soccer Awards мукофотининг 17-тақдирлаш маросими 28-декабрь куни Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтади. Тадбир давомида Испания чемпионатининг ўтган мавсумдаги энг яхши футболчилари ҳам тақдирланади.