Шоҳруз Норхонов: «Ўзбекистонлик ҳужумчилар ҳам тўпурар бўла олишларини исботламоқчиман»
Бухоронинг «Бухоро» клуби ўтган йил Про лигада иштирок этди ва иккинчи ўрин билан Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. 2025 йилги Суперлиганинг дастлабки 3 та турида Улуғбек Бакаев бошчилигидаги жамоа 2 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этди. «Бухоро» сафида тажрибали ҳужумчи Шоҳруз Норхонов «Хоразм» билан баҳсда дублга эришди. Эътиборлиси Норхонов бу йилги Суперлигада пенальтидан гол урган биринчи футболчига айланди. Биз 4-тур арафасида ҳужумчи билан суҳбатлашишга қарор қилдик.
Sports24.uz Шохруз Норхонов билан суҳбат:
– «Бухоро» учун мавсум яхши бошланди десак бўлади. Про лигадан чиққан клуб 3 та ўйиндан 6 очко олди. Жамоадаги муҳит қандай?
– Жамоада муҳит аъло даражада. Дастлабки 3 та ўйиндан 6 очко тўпладик. Тўғри таркибга кўп янги футболчилар қўшилди, аммо жамоанинг ўзаги сақланиб қолди. Янги келган легионерлар жамоага тезда қўшилиб кетишди. Бундан ташқари маҳаллий ёш футболчиларнинг ўйини ҳам мухлисларга ёқмоқда. Қайси рақиб бўлишидан қатъий назар «Бухоро» уларга бемалол рақобат қила олади. Ҳеч қайси клуб «Бухоро»га про лигадан чиққан жамоадек муносабатда бўлмаслигини маслаҳат берардим.
– Улуғбек Бакаев билан олдин ҳам ишлагансиз. Орада бошқа мураббийлар билан ишлаб қайтдингиз. Бакаев услубида ўзгаришлар бўлганми?
– Улуғбек Истамович билан олдин ҳам ишлаганман. Бу мураббий билан 3-4 та мавсум бирга ишлаганман. Унинг ўзи ҳам ҳужумчи бўлган. Шу боис Бакаевдан кўп нарсалар ўрганганман ва ўрганишда давом этмоқда. Футбол битта жойда турмайди, шу боис ўйин услубига қўшимчалар киритилган. Мураббий ҳар доим футболчилардан қўрқмасдан охиригача ўйнашини талаб қилади. Бу нарса менга ёқади. Бошқа мураббийлар билан ҳам ишлаганман, аммо Улуғбек аканинг тактик схемаси менга кўпроқ мос келади.
– 2023-2024 йилларда Суперлигада жами 5 та гол урдингиз. Бу йил эса 3 та турдаёқ 2 та гол уришга эришдингиз. Бухоролик мухлислар Норхоновдан 2025 йилда камида 10 та гол кутиши мумкинми?
– Тўғри ўтган мавсумларда кам гол урдим, ўйин амалиётим ҳам кам бўлганини таъкидлашни истардим. Футболчилик фаолиятимда пасайиш бўлганини ҳам тан оламан, лекин 2025 йилги мавсум яхши бошланди. Ўз устимда янада кўпроқ ишлайман ва кўпроқ гол уришни хоҳлайман. Тўғри мухлислар ҳужумчидан доим гол кутишади. Бу мавсум 10 тадан ҳам кўпроқ гол уришни ва тўпурарлар пойгасига қўшилиб, ўзбекистонлик ҳужумчилар легионерлар билан рақобат қила олишини исботлашни мақсад қилганман.
– 2016 йил Обод сафида Суперлигада дебют қилгансиз ва ўша йил 14 та тўп киритгансиз. 9 йил олдинги Норхонов билан ҳозиргисининг 3 та асосий фарқини айтиб беринг.
– «Обод» жамоаси мен учун трамплин вазифасини ўтаб берган. Ўша мавсумда урган голларимдан кўпроқ гол уришни ният қилганман. Шу боис бор эътиборим машғулотларга ва ўйинларга қаратилган. 3 та фарқ: футболга қарашим анча ўзгарди, ёшим каттароқ бўлди ва тажрибам анча ошди.
– 4-тур Бунёдкорга қарши кечади. Рақиб сафида чемпионат тўпурари Луис Качорри ўйнамоқда. Унинг ўйинлари ҳақида қандай фикрдасиз?
– «Бунёдкор»га қарши баҳс мухлисларга ёқадиган ўйин бўлади деб ўйлайман. Албатта, Качоррининг ўйинларини кузатиб боряпман. Яхши савиядаги ҳужумчи, яхши голлар урмоқда. Кейинги баҳсларда ҳам унга омад тилайман. Лекин юқорида айтганимдек бу мавсум ўзбекистонлик яхши ҳужумчилар ҳам борлигини кўрсатишга ҳаракат қиламан.