Арбелоа ва Мбаппе ўртасида низо келиб чиқди
Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Алваро Арбелоа ва «қироллик клуби» ҳужумчиси Килиан Мбаппе Ла Лиганинг 36-тури доирасдаги «Овьедо»га қарши ўйин (2:0) олдидан суҳбатлашиб олишди.
Футболчи захира ўриндиғида қолдирилганидан норозилигини билдирган бўлса, мураббий ўз навбатида франциялик ҳужумчининг сўнгги ҳафталардаги хулқ-атворидан қониқмаётганини маълум қилган. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, Арбелоага Мбаппенинг 10 май куни Ла Лига доирасида «Барселона»га қарши ўйин (2:0) олдидан кўрсатган характери ёқмаган. Учрашувдан бир кун олдин ҳужумчи захирадан майдонга тушиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатига киритилган эди. Бироқ Мбаппе ноқулайлик ҳис қилаётганини баҳона қилиб, ўйинолди машғулотида қатнашишдан бош тортган.
Шунингдек, франциялик футболчи тизза ости паи жароҳатидан тикаётган бир пайтда севгилиси билан бирга Италияга йўл олгани учун ҳам «Реал» клуби ичида танқидлар остида қолган.