locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ислом Исмоилов: «Ўйлайманки, эртага майдонда ҳаракат қиладиган футболчилар сафда бўлмаган жамоадошларининг йўқлигини сездиришмайди»

"Нефтчи" устози бўлажак баҳс аввалида ўз фикрларини билдирди.
Футбол
Ислом Исмоилов: «Ўйлайманки, эртага майдонда ҳаракат қиладиган футболчилар сафда бўлмаган жамоадошларининг йўқлигини сездиришмайди»
Фото: Нефтчи ПФК
Осиё Чемпионлар Лигаси
02.11.2026, 11.00
Tractor
-
Нефтчи
-

"Нефтчи" бош мураббийи Ислом Исмоилов "Трактор"га қарши Элит Осиё Чемпионлар лигаси 4-тур доирасидаги ўйиндан олдин матбуот анжуманида иштирок этди.

— "Бу ўйинга етарлича тайёргарлик кўриш учун бизда вақт бўлди. Жамоа бўлажак учрашувга ҳар томонлама тайёр. Албатта, эртанги рақибимиз Осиёнинг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Эрон клублари доимо ижобий таассурот қолдириб келган. Ўйлайманки, эртага бизни жуда қизиқарли учрашув кутмоқда.

— Эртанги баҳсда Кофи Куао ҳамда Икром Алибоевнинг йўқлиги қанчалик билинади? Жамоада уларнинг ўрнини тўлдиришга қодир муносиб ўринбосарлар борми?

— Албатта, жамоада ҳар бир футболчининг ўз ўрни бор. Эртага нафақат Икром Алибоев ва Кофи Куао, балки яна икки-уч нафар футболчимиз ҳам майдонга туша олмайди. Улар жамоамиз учун муҳим футболчилар ҳисобланади. Бироқ бизда тенг кучли ва мувозанатли таркиб шаклланган, барча футболчилар ўзларига билдирилган ишончни оқлай оладилар. Ўйлайманки, эртага майдонда ҳаракат қиладиган футболчилар сафда бўлмаган жамоадошларининг йўқлигини сездиришмайди.

— Эртанги учрашувда “Нефтчи”нинг асосий устунлиги нимада бўлади?

— Ўйиннинг боришидан келиб чиқиб, барча жабҳаларда устунлик қилишга ҳаракат қиламиз. Бу футбол — олдиндан айнан қайси жиҳатларда устунлик қила олишимизни қатъий айтиб бўлмайди. Шунга қарамай, эртанги ўйинда муваффақиятли қатнашиб, ижобий натижа қайд этиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Рақиб юқори савиядаги жамоа бўлиб, унинг таркибида Эрон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари тўп суради. Умуман, ушбу Элит лигада бирорта ҳам ўйин осон кечмаётганини кузатяпмиз. Барча рақиблар муносиб қаршилик кўрсатмоқда.

— “Нефтчи” нейтрал майдонда ўйнайди. Фарғонадан 200 га яқин мухлис ташриф буюрди. Шунингдек, Дубай ва Уммондаги ватандошларимиз ҳам келишаётгани маълум бўлди. Жамоа эртага ўзини худди ўз майдонида ўйнаётгандек ҳис қила оладими?

— Албатта, бу жуда қувонарли ҳолат. Мухлисларимиз қанчалик кўп бўлса, бу бизнинг ютуғимиздир. Жамоани қўллаб-қувватлаш учун мухлисларга барча шароитларни яратиб бераётгани учун раҳбариятга миннатдорлик билдираман. Ўзимизни уйдагидек ҳис қилишга ҳаракат қиламиз, аммо ҳеч қайси стадион “Истиқлол”га етмайди. “Истиқлол” биз учун доимо қадрли. Шундай бўлса-да, эртага имкон қадар ўзимизни ўз майдонимиздагидек тутишга ҳаракат қиламиз.

— “Нефтчи”нинг ўйинлар тақвими анча тиғиз. Етакчи футболчиларнинг жароҳат олишига кетма-кет баҳсларда тўлиқ иштирок этиши қанчалик таъсир кўрсатди?

— Бу табиий ҳолат ва, албатта, ўз таъсирини ўтказади. Сабаби, жамоа сўнгги пайтларда турли мусобақаларда иштирок этмоқда, турли давлатларга сафар қиляпмиз, ҳар хил иқлим ва шароитларда ўйинлар ўтказяпмиз. Баъзида ғалаба қозоняпмиз, баъзида мағлуб бўляпмиз. Бу ерда нафақат жисмоний, балки руҳий толиқиш ҳам бор. Мавсум ҳали якунлангани йўқ, энг муҳим паллага кирмоқдамиз. Бу ерда ҳам натижага эришиш, ҳам футболчиларни жиддий жароҳатлардан асраш муҳим вазифа ҳисобланади”, - деди Исмоилов.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг