Дэвид Бекҳэм 38 миллион евро талаб қилмоқда: собиқ футболчи атир ишлаб чиқарувчи компанияни судга берди
Сэр Дэвид Бекҳэм «Coty» парфюмерия компаниясидан норози бўлиб, унга қарши судга даъво аризаси киритди. Халқаро ОАВ хабарларига кўра, собиқ футболчи ўз номи остида ишлаб чиқарилган атирлар ёқилғи қуйиш шохобчасидаги арзон маҳсулотлар растасида ҳам сотилганини аниқлаган. Суд ҳужжатларида Бекҳэм томони 38 миллион евро миқдорида товон пули талаб қилаётгани кўрсатилган.
Бекҳэм «Coty» компанияси билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу компания унинг номи остида 30 дан ортиқ турдаги атирларни ишлаб чиқарган. Буюк Британияда уларнинг бир донаси одатда 20 фунт стерлинг атрофида сотилади. Бироқ Бекҳэмнинг тижорий ҳуқуқларини бошқарувчи «DB Ventures» компанияси «Coty» маҳсулотларни сотиш жойлари бўйича келишув шартларига риоя қилмаганини таъкидламоқда.
Нью-Йоркдаги Олий судга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, «Coty» атирларни Бекҳэмнинг хоҳишига зид равишда турли савдо нуқталарига етказиб берган. Маҳсулотлар Буюк Британиядаги арзон нархли савдо тармоғи Poundland дўконларида, шунингдек, ёқилғи қуйиш шохобчасидаги чегирмали маҳсулотлар растасида сотувга қўйилган.
Бекҳэмнинг адвокатлари бундай савдо нуқталарида маҳсулотларнинг сотилиши унинг бренд имижига зарар етказишини билдирмоқда. «DB Ventures» собиқ Англия миллий жамоаси футболчиси йиллар давомида шакллантирган эксклюзив ва ҳашаматли бренд обрўсини сақлаб қолмоқчи. Суд ҳужжатларида адвокатлар «Coty» компаниясини «умидсизлик ва очкўзлик»да ҳам айблаган.

«DB Ventures» маълумотларига кўра, «Coty» Бекҳэм номи остидаги маҳсулотларни рухсат этилмаган савдо нуқталари орқали камида 24 миллион доллар (22 миллион евродан ортиқ) қийматида сотган. Шу сабабли компания жами 41 миллион доллар, яъни тахминан 38 миллион евро миқдорида товон пули ундиришни талаб қилмоқда.
Бундан ташқари, «DB Ventures» «Coty» соф айланма даромадни 123 миллион долларга кам кўрсатганини даъво қилмоқда. Бекҳэм компанияси бунинг оқибатида қарийб 6 миллион доллар миқдоридаги роялти тўловидан маҳрум бўлганини айтмоқда.
«Coty» эса судга ўз ҳимоя позициясини тақдим этиб, даъвони рад этишни сўраган. Компания Бекҳэм атирларини ҳеч қачон Poundland орқали сотмаганини ва маҳсулотлар қайси савдо нуқталарида сотилишини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга эканини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Дэвид Бекҳэм 2013 йилда профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган. Шундан сўнг у йирик бизнес империясини шакллантирди. Британия ОАВ хабарларига кўра, унинг компанияси жорий йилда Бекҳэмга 51 миллион доллар дивиденд тўлаган. Бунга қисман Жаҳон чемпионати билан боғлиқ даромадли ҳамкорликлар сабаб бўлган.
«Sunday Times» нашрининг энг сўнгги бойлар рўйхатига кўра, Дэвид Бекҳэм ва унинг тадбиркор рафиқаси Виктория Бекҳэмнинг умумий бойлиги тахминан 1,4 миллиард еврога тенг.