Зинедин Зидан ва Килиан Мбаппе ўртасида келишмовчилик юзага келди
Франция миллий терма жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан ва жамоа сардори Килиан Мбаппе ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга мураббийнинг футболчини майдондаги одатий позициясидан бошқа жойда ўйнатиш қарори сабаб бўлгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, Зидан ва Мбаппе ўртасидаги муносабатлар аввалдан мураккаб бўлган, бироқ мутахассис терма жамоани бошқара бошлаганидан кейин вазият янада кескинлашган. Хусусан, Туркияга қарши учрашувда Мбаппенинг ҳужум марказидан чап қанотга ўтказилгани футболчига ёқмаган. Унинг ўрнида эса Усмон Дембеле марказий ҳужумчи сифатида ҳаракат қилган.
Шунингдек, аввалги йиғин давомида Зидан ва Мбаппе деярли мулоқот қилмагани таъкидланмоқда. Шунга қарамай, франциялик мутахассис ноябрь ойидаги халқаро танаффусдан фойдаланиб, жамоа сардори билан муносабатларини яхшилаш ниятида. Мураббий футболчини ўзи афзал кўрадиган марказий ҳужумчи позициясига қайтариши ҳам мумкин.
Маълумот учун, Франция терма жамоаси 12 ноябрь куни УЕФА Миллатлар лигаси доирасида Италияга қарши майдонга тушади. 15 ноябрда эса Туркия билан куч синашади. Мбаппе Италияга қарши учрашув олдидан терма жамоанинг машғулотларидан бирини ўтказиб юборгани ҳам хабар қилинган.