Каннаваро: «Дарвозабонлар борасида муаммо кўрмаяпман»
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Россияга қарши ўртоқлик ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида ўз фикрларини билдирди.
«Осиё кубогига яхши тайёргарлик кўраётгандик, аммо турнир қолдирилди. Балки, бунинг яхши томонлари ҳам бордир. Жамоани янада шакллантириб оламиз, кўпроқ футболчиларни синаб кўрамиз.
Россия миллий жамоаси ва футболчилари ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Уларнинг ўйинларини кўриб, таҳлил қилиб чиқдик. Бу агрессив ва зич ўйнайдиган кучли жамоа. Аммо ҳар бир жамоада бўлганидек, рақибнинг заиф томонлари ҳам бор. Менга кучли рақибларга қарши ўйнаш ёқади. Футболчилар ҳам бундай ўйиндан яхши тажриба олишади.
Дарвозабонлар? Ҳамма танқид қиляпти, аммо мен муаммо кўрмаяпман. Яхши даражадаги посбонлар йиғилган. Эртага уларнинг исталгани майдонга тушиши мумкин. Ҳар бир голда дарвозабонларни айблаб, уларга босим юклайвериш нотўғри. Масалан, Жанубий Кореяга (0:2) қарши баҳсда ўтказиб юборилган биринчи голда кўпроқ «жонли девор» хатога йўл қўйди, иккинчи голда эса ҳимоячилар ҳужумчини бўш ҳудудда ёлғиз қолдиришди», — деди Каннаваро матбуот анжуманида.
Маълумот учун, Ўзбекистон — Россия баҳси 12-ноябрь куни «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 19:00да старт олади.