Виталий Денисов Россияга қарши ўйин ҳақида: “Ўзбекистон ушбу учрашувнинг фаворити”
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Виталий Денисов Россияга қарши бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашуви олдидан ўз фикрларини билдирди. Унинг фикрича, мазкур баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси фаворит ҳисобланади.
Денисов Ўзбекистоннинг имкониятларини юқори баҳолаб, бунга Россия терма жамоаси сўнгги йилларда халқаро мусобақаларда қатнашмаётганини сабаб қилиб кўрсатди. Шу билан бирга, у рақиб таркибидаги бир қатор футболчилар жамоамизга қийинчилик туғдириши мумкинлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон терма жамоасидан яхши ўйин кутяпман. Мухлислар стадионга келиб, футболдан завқ олишларини истайман”, — деди Денисов. Собиқ футболчи икки терма жамоа камдан-кам тўқнаш келишини эслатиб, Матвей Сафонов, Александр Головин, Алексей Миранчук ва Алексей Батраков каби футболчиларнинг имкониятларига ҳам эътибор қаратди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 12-ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади. Баҳс маҳаллий вақт билан соат 20:00 да бошланади. Россия клублари ва терма жамоалари 2022 йилдан буён халқаро мусобақалардан четлатилган.