Фабио Каннаваро Россияга қарши ўйин ҳақида: “Бизга осон бўлмайди”
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Россияга қарши бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашуви олдидан рақиб жамоанинг имкониятларига баҳо берди. Италиялик мутахассис Россияни кучли терма жамоа деб ҳисоблашини ва бўлажак баҳс ўзбекистонлик футболчилар учун жиддий синов бўлишини таъкидлади.
Каннаваронинг сўзларига кўра, мураббийлар штаби Россия терма жамоасининг кўплаб учрашувларини таҳлил қилган. У рақибнинг агрессив ва тартибли ўйин услубига эътибор қаратиб, бош мураббий Валерий Карпиннинг футболчилик фаолиятини ҳам юқори баҳолаган.
“Мен бу жамоани ва унинг футболчиларини яхши биламан. Россия терма жамоасининг кўплаб ўйинларини томоша қилдик. Бу жуда кучли жамоа. Карпинни ҳам танийман, у жуда яхши футболчи бўлган. Россия агрессив ва тартибли ўйин намойиш этади. Бизга осон бўлмайди. Бу биз учун яхши синов, чунки топ-жамоага қарши ўйнаймиз. Ушбу учрашув ўз имкониятларимизни текшириш ва футболчиларимиз тажриба орттириши учун яхши имконият”, - деди Каннаваро.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 12-ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади. Беллашув маҳаллий вақт билан соат 20:00 да бошланади.