locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Жозе Моурино: «Тўп бизда бўлди, паслар бердик, лекин жарима майдонига кира олмадик»

Португалиялик мутахассис «Алавес»га қарши ўйин (1:2) ҳақида фикр билдирди
Футбол
Жозе Моурино: «Тўп бизда бўлди, паслар бердик, лекин жарима майдонига кира олмадик»
photo: gettyimages
Испания Ла Лигаси
28.11.2026, Як.
Реал Мадрид
1
Алавес
2

Жозе Моурино «Алавес»га қарши ўйин (1:2) ҳақида фикр билдирди:

«Биз ҳимояда жуда зич ўйнаган ва тўпни эгаллаб олгач, пас беришга интилмаган жамоага қарши ўйнадик. Уларнинг мақсади тўпни назорат қилиш эмас, балки ҳужумчиларга узун паслар узатиш ва қарши ҳужумларга ўтиш эди. Бизга эса жарима майдонидаги фаоллик етишмади.

Биз паслар бердик, аммо ҳудудни назорат қила олмадик. Шунинг учун Эспи бундай рақибга қарши ёрдам бериши мумкин, деб ўйладим. Бу орқали уни танқид қилмоқчи эмасман.

Тўп бизда бўлди, паслар бердик, лекин жарима майдонига кира олмадик. Бернарду ва Арда майдонда бўлганида, жамоа бўш ҳудуд топа олмади. Чунки иккаласи ҳам тўп билан ўйнашни яхши кўрадиган, ўхшаш хусусиятларга эга футболчилар. Бундан ташқари, жарима майдонидаги фаоллигимиз ҳам етишмади.

Эспини майдонга туширганимда, иккита варианти бор эди: Арда ёки Винисиусни алмаштириш. Диоманде бир қанотда, Винисиус эса иккинчи қанотда ўйнаса, ҳужумимиз кенгроқ бўлади, деб ҳисобладим. Арда ва Бернарду эса бир хил вазифани бажараётган эди.

Кике ўз режасини амалга оширди. Бу биз учун кутилмаган ҳолат бўлмади. Кеча машғулотда ҳам ҳимоявий футбол ўйнайдиган жамоага қарши баҳсга тайёрландик.

Рақибга ҳакамнинг вақт чўзишларга жуда юмшоқ муносабатда бўлгани ҳам қўл келди. Бу ҳақда кўп гапирмоқчи эмасман, аммо ҳакам аниқ қоидани қўлламади: агар мураббийлар штаби вакили тўпни майдонга улоқтирса, бош мураббий қизил карточка олиши керак. Улар икки марта шундай қилишди, ҳакам эса бунга ҳам, вақт чўзишларга ҳам жуда юмшоқ муносабатда бўлди.

Бу орқали улар ўйин суръатини пасайтирди, соф ўйин вақтини қисқартирди ва бизнинг вазифамизни қийинлаштирди.

Кикени танлаган тактикаси билан табриклайман. Унга айтадиган ягона эътирозим — тўпларни майдонга улоқтиришдек номақбул ҳаракат. Футболда бундай ишни энди ҳеч ким қилмайди».

Жуд Беллингемнинг пенальти бекор қилиниши ва майдондан четлатилиши ҳақида:

«Пенальти белгиланиши керак ёки керак эмаслигини мураббийлар скамейкасидан туриб баҳолаш қийин. Менимча, у ерда қоидабузарлик бўлмаган. Аммо ўйиндан кейин Жуд пенальти бўлганини айтди. Агар футболчининг ўзи пенальти бўлган деса, мен унга ишонишим керак.

Бу ҳакам... келаси мавсумда кимни майдондан четлатишини кўрамиз. Икки мавсум олдин Мбаппени, ўтган мавсумда Винисиусни, бу мавсумда эса Беллингемни четлатди. Келаси мавсумда Куртуани ҳам четлатмасмикан?

Бу ҳакамнинг ўзига хос жиҳатлари бор... у ўз ҳокимиятини намойиш этишни, ўзини фавқулодда шахс қилиб кўрсатишни яхши кўради.

Биз ҳакам туфайли мағлуб бўлдик, демоқчи эмасман. Аммо аниқ қоидалар бор ва бу ҳақда УЕФАнинг ўзи ҳам айтади: оёқни босиш — сариқ карточка, қўл билан ўйнаш — сариқ карточка, футболкани тортиш — сариқ карточка.

Мбаппенинг футболкасидан тортган ўйинчи эса сариқ карточка олмади. Бу мени жаҳлимни чиқарди».

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг