Жавоҳир Синдаров билан Женевага кимлар борган?
Жавоҳир Синдаров билан Женевага кимлар борган?
Роман Видоняк, Муҳиддин Мадаминов ва Никита Витюгов — Жавоҳир Синдаров жаҳон тожи учун матч олдидан номини айтган жамоа аъзолари. ChessBase India 29 ноябрь куни эълон қилган репортаж Женевадаги тайёргарликдан ташқари, Жавоҳирни қўллаб-қувватлаётган яқинлари ва жамоанинг кундалик ишларини ҳам кўрсатди.
Мураббий ва секундантлар
Роман Видоняк — Синдаровнинг мураббийи. У Жавоҳирга Номзодлар турнирига тайёрланишда ёрдам берган ва жаҳон тожи учун матчда ҳам у билан ишламоқда. Репортажда Видонякнинг Синдаров билан партия олдидан суҳбатлашаётгани ва ўйиндан сўнг бирга кетаётгани кўринади.
Муҳиддин Мадаминов Синдаровга 2025 йилги Жаҳон кубогида ва 2026 йилги Номзодлар турнирида секундант сифатида ёрдам берган. Женевада ҳам у тайёргарлик жамоасида. Мадаминов суҳбатда Ўзбекистондаги мухлислар кўмагига алоҳида тўхталди. У бир жонли эфирда партияни қарийб 40 минг томошабин кузатганини эслади.
«Бизни қўллаб-қувватлаётган, бизга ёрдам бераётган ҳар бир инсон — жамоамизнинг бир қисми», — деди Мадаминов.
Никита Витюгов ҳам Женевада Синдаровга тайёргарликда ёрдам бермоқда. Лавҳаларда у 2- ва 3-партиялар олдидан Жавоҳир билан гаплашиб тургани кўринади. Матч олдидаги анжуманда Синдаров жамоанинг қолган аъзолари ҳақида баҳсдан кейин гапириши мумкинлигини айтган.
Комил Синдаров ва Женевадаги таниш юзлар
Жавоҳирга шахмат ўргатган бобоси Комил Синдаров ҳам Женевада. Лавҳаларда у партия олдидан набираси билан кўришади, ўйин бошлангач эса мухлислар учун ажратилган жойда жонли шарҳни кузатади.
Қозоғистонлик гроссмейстер Бибисара Ассаубаева биринчи партия куни Жавоҳир билан келган. Синдаровнинг Олимпиададаги жамоадоши Шамсиддин Воҳидов ҳам Женевадаги лавҳаларда бор. Унинг матчдаги аниқ вазифаси ҳозирча очиқланмаган.
Рустам Қосимжоновнинг матч ҳақидаги фикри
2004 йилги FIDE жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов биринчи партия куни Женевада бўлган. У суҳбатда Жавоҳирни қўллаб-қувватлашини, Женевага FIDE тадбирлари доирасида ҳам келганини айтди. Қосимжонов FIDEнинг фахрий вице-президенти.
Қосимжонов Синдаровнинг сўнгги натижалари ва Номзодлар турниридаги ғалабаси туфайли уни фаворит деб кўришayotganини айтди. Гукешнинг истеъдоди ва чидамлилиги сабабли матч қизиқарли ўтишини кутган.
Бобур Сатторов ҳам Женевада
ChessBase India репортажида Ўзбекистон Шахмат федерацияси бош котиби Бобур Сатторов ҳам Женевада экани айтилди.