Жаҳонгир Ўрозов: \"Динамо\" учун барча ўйин қийин ўтмоқда\"
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси билан бирга Осиё чемпиони бўлган ҳимоячи Жаҳонгир Ўрозов бугунги кунда Самарқанднинг "Динамо" клубида тўп тепмоқда. Sports24.uz сайти футболчи билан суҳбатлашди. Интервью давомида футболчи "Динамо"нинг мағлубиятсиз серия ва Туркия клубида бирга ишлаган мураббий Арда Туран ҳақидаги саволларга жавоб берди.
- "Динамо" бу мавсумни анча ишончли тарзда бошлади. 11 та ўйинда мағлубиятсиз ўтказиш қанчалик қийин бўлди?
- Ҳеч бир учрашув осон ўтмади. Барчасининг замирида меҳнат ва мураббийларимизнинг хизмати ётибди. Биласиз Вадим Абрамов жуда тажрибали ва кучли мураббий ҳисобланади.
- Кўпчилик бу мағлубиятсиз серияни омад билан боғламоқда. Сизнинг фикрингиз қандай?
- Мен бундай деб ўйламайман. Футболда меҳнат қилмай муваффақиятга эришиб бўлмайди. Фақат омад туфайли 1-2 та учрашувда ютиш мумкин, лекин 11 та баҳсда ютқазмаслик учун омаднинг ўзи етарли эмас.
- "Динамо" мухлислари ҳақида қандай фикрдасиз?
- Чиндан ҳам бизнинг ғалабаларимизда "Оқ армия"нинг ҳиссаси катта. Улар сафарга ҳам бориб бизни қўллашмоқда. Баъзи сафар учрашувлари биз учун худди уйдагидек ўтмоқда.
- Ўтган мавсум сиз Туркиянинг "Эюпспор" клубида ўйнадингиз. Ўша пайт жамоани Туркия футболи афсоналаридан бири бўлган Арда Туран бошқарарди. У қандай инсон ва мураббий эди?
- Ҳа, Туран қўл остида бир йил давомида фаолият олиб бордим. Инсон сифатида жуда ажойиб. Мураббий сифатида жуда талабчан, тартибли ва эътиборли. Майда деталларга ҳам эътибор қиларди. Бекорга уни Украинанинг "Шахтёр" клубига таклиф қилишгани йўқ. Ёмон мураббий бўлганида бундай кучли клуб уни чақирмасди.

- Туранни футболчилик вақтида жуда ҳам қизиққон эканлигини кўрганмиз. Мағлубиятлардан кейин қанчалик жаҳли чиқарди?
- Балки футболчилик даврида қизиққон бўлгандир, бироқ мураббий сифатида ундай ҳолатда кўрмадим. Тўғри футболда мағлубиятлар ҳам учраб туради, аммо ютқазиб қўйганимиздан кейин футболчиларга бақирмасди. Ҳар биримиз билан яхши гаплашарди.
- Туран машғулотларга кеч қоладиган, тартибни бузадиган футболчиларга қандай жарималар белгиланган. Сиз ҳам жарима тўлаганмисиз?
- Юқорида айтганимдек у тартибни жуда яхши кўрарди. Турли майда жарималар белгиланган, аммо мен ҳеч қачон жарима тўламаганман. Чунки барчасини вақтида ва тўғри бажарганман.
- Туран "Шахтёр" клубига бош мураббий бўлди. Бу жамоада яхши ишлаб кетишига қанчалик ишонасиз?
- Тўғри қийин бўлади, чунки мураббий сифатида илк бор хориж клубида ишлайди. Бундан ташқари у ҳали анча ёш мураббий ҳисобланади. Бироқ анчайин интилувчан ва курашувчан. "Шахтёр" унинг учун янги чорлов. Клуб Европа лигаси саралашида ўйнайди, агар гуруҳ босқичига олиб чиқа олса бу катта ютуқ бўларди. Унинг имкониятларини билган футболчи сифатида айтаманки Туран буни уддалайди ва бу клубда муваффақиятга эриша олади.